Исроил 30 май куни бир қанча араб ташқи ишлар вазирларининг босиб олинган Ғарбий Соҳилга сафарини таъқиқлади. Саудия Арабистони бунга жавобан мамалакатни экстремизм ва тинчликни рад этишда айблади. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.

Саудия ташқи ишлар вазири Файсал бин Фарҳан Ал Сауд бундай айбловларни Уммонда Миср, Иордания ва Баҳрайн вазирлари билан биргаликда ўтказилган матбуот анжуманида илгари сурган
“Исроил қўмита аъзоларининг Ғарбий Соҳилга сафарни рад этиши унинг экстремистик позициясини ва тинчликка жиддий ёндашмаслигини кўрсатади. Бу бизнинг халқаро ҳамжамият олдидаги дипломатик ҳаракатларимизни икки баробар кучайтиришга сабаб бўлади”, деди Саудия ташқи ишлар вазири.

Миср, Иордания, Қатар, Саудия ва БАА вазирлари Фаластин президенти Маҳмуд Аббос билан учрашишни режалаштирган эди. Бу сафар Фаластин дипломатиясини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган эди. Айни пайтда Исроил Ғарбий Соҳилнинг ҳаво ҳудуди ва чегараларини назорат қилади. Яҳудий давлати 30 май куни бу сафарга рухсат бермаслигини эълон қилган. Иордания ташқи ишлар вазири Айман Сафадий бу қарорни Араб-Исроил тинчлик битимини бузиш учун яна бир қадам деб атади.
“Фаластин маъмурияти Рамаллоҳда араб давлатлари ташқи ишлар вазирларининг Фаластин давлатини ташкил этишни тарғиб қилиш масалаларини муҳокама қилиш учун провокацион учрашувини ўтказмоқчи. Исроил бу ташрифни қўллаб-қувватламайди”, деди Исроил расмийи.
17—20 июнь кунлари Нью Йоркда Франция ва Саудия томонидан ҳамкорликда ташкил этиладиган халқаро конференция бўлиб ўтиши режалаштирилган. Унда Фаластин давлатини барпо этиш масаласи муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Миср ташқи ишлар вазири Бадр Абделатий эса конференцияда Ғазода сулҳдан кейинги хавфсизлик чораларини ва Фаластин ҳудудининг тикланиш режалари кўрилишини айтган. Унда фаластинликларни ўз ерларидан ҳайдашга қарши чоралар ҳам кўриб чиқилиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)