Ўзбекистоннинг Иорданияга янги тайинланган элчиси Нодиржон Турғунов 28 май куни ушбу мамлакат Ташқи ишлар ва хориждаги ватандошлар билан ишлаш вазирлиги бош котиби Мажид ал-Қатарнага ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди, деб хабар қилмоқда “Дунё” ахборот агентлиги.

Қайд этилишича, суҳбат чоғида Ўзбекистон-Иордания муносабатларини жадаллаштириш, шунингдек, БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро ташкилотлар доирасидаги ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Сиёсий мулоқотни кенгайтириш истиқболлари, жумладан, турли даражадаги ўзаро ташрифларни ташкил этиш ва қўшма тадбирлар, хусусан, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар ва ҳукуматлараро комиссия мажлисларини ўтказиш орқали муҳокама қилинди.
Томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш ва қўшма сармоявий лойиҳаларни амалга оширишдан ўзаро манфаатдорлик билдирди. Иқтисодий дипломатияни фаол илгари суриш бўйича аниқ таклифлар кўриб чиқилди. Маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш, сайёҳлик алмашинувини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон ва Иордания ўртасида дипломатик муносабатлар 1993 йил 15 февралда ўрнатилган.
Нодиржон Турғунов 2016 йилдан бери Ташқи ишлар вазирлиги тизимида. Ўтган йиллар давомида Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаментида турли лавозимларда фаолият олиб борган. 2019—2021 йилларда Ўзбекистоннинг Оқтов шаҳрида (Қозоғистон), 2021—2024 йилларда эса Жидда шаҳрида (Саудия Арабистони) бош консул бўлиб ишлаган.
2024 йил март ойидан буён Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси ҳисобланади. Шунингдек, у 2024 йил ноябридан Ўзбекистоннинг Ислом ҳамкорлик ташкилотидаги доимий вакили. 2025 йил апрелида эса у бир вақтнинг ўзида Ўзбекистоннинг биринчи элчиси сифатида Баҳрайн Ташқи ишлар вазирлигига ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширган эди.
Изоҳ (0)