АҚШнинг Хитой маҳсулотлари импортига божхона тўловларини ошириши апрель июнь ойларида икки томонлама савдонинг пасайишига олиб келди. Бу ҳақда Хитой Халқ Республикаси Бош божхона бошқармаси раис ўринбосари Ван Линсзюн маълум қилди.

“АҚШнинг ўзаро тарифлари таъсири остида Хитой-Америка савдоси биринчи чоракдаги йиллик кўрсаткичларнинг ўсишидан иккинчи чоракда пасайишга ўтди. Пасайиш 20,8 фоизни ташкил этди”, деди у матбуот анжуманида.
Унинг таъкидлашича, Хитой ва Қўшма Штатларнинг Женева ва Лондондаги музокараларида эришилган ютуқлар туфайли икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш бир қадар тикланган.
“ХХР ва АҚШ ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг моҳияти ўзаро манфаатдорликдан иборат. Бу нафақат глобаллашув давридаги ортга қайтмас тарихий тенденция ва ишлаб чиқариш занжирларининг чуқур интеграциялашуви талаби, балки икки мамлакат корхоналари ўртасидаги инновацион ҳамкорлик ва аҳоли фаровонлигини оширишнинг амалий заруратидир”, дея таъкидлади у.
Линсзюннинг айтишича, ХХР ва АҚШнинг тегишли идоралари ўзаро ҳамкорликни давом эттирмоқда. У икки давлат ўртасида савдо келишувларига эришиш осон кечмаганини, шантаж ва босим ўтказиш сиёсатининг истиқболи йўқлигини таъкидлаган ҳамда мулоқот энг тўғри йўл эканлигини билдирган.
Трампнинг савдо уруши
2 апрель куни АҚШ президенти Дональд Трамп барча давлатлар учун 10 фоизлик асосий тарифларни жорий қилди. Аммо божлар ҳар бир давлатнинг савдо балансига қараб ўзгарди. Хитой билан савдода йирик дефицит мавжудлиги боис АҚШ бу мамлакат учун тарифларни анча юқори даражага кўтариб, 34 фоизга етказди.
Бунга жавобан Пекин ҳам шунча миқдорда Америка товарларига божлар солди. Шундан сўнг Трамп агар Пекин жавоб чораларидан воз кечмаса, божларни 50 фоизгача ошириш билан таҳдид қилди. Шу сабабли божлар 104 фоизга ошди. Натижада Хитой Америка маҳсулотлари учун божларни 84 фоизга оширишини эълон қилди. Мазкур эълон ортидан Трамп Пекин учун тарифлар 125 фоизга чиқишини айтди, кейинчалик буни 145 фоизга оширди.
Хитой мазкур тарифларга жавобан ставкани 125 фоизга кўтарди. Хитой АҚШни “ўзаро божлар”ни бекор қилишга ва ўзининг нотўғри амалиётини тузатишга чақирди. ХХР раиси Си Цзиньпин ҳеч бир давлат “бож уруши”дан ютмаслигини қайд этди. Шундан сўнг иккала давлат савдо музокараларини бошлаганди.
Изоҳ (0)