Кўп йиллик чегара кескинликларидан сўнг, Ҳиндистон ва Хитой аста-секин алоқаларни тиклашга ҳаракат қилмоқда, аммо катта қийинчилик ва эҳтиёткорлик билан. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Ҳиндистоннинг икки юқори мартабали амалдори июнь ойи охирида Хитойга ташриф буюрганди. Бу икки томонлама муносабатларнинг илиқлашуви белгиси сифатида баҳоланмоқда.
Июнь ойида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) йиғилишлари доирасида Ҳиндистон миллий хавфсизлик маслаҳатчиси Ажит Довал ва мудофаа вазири Ражнатх Сингҳ ҳам алоҳида ташриф билан Хитойга борган эди.
ШҲТ 10 аъзодан иборат Евросиё хавфсизлик ташкилоти бўлиб, унга Хитой, Россия, Эрон ва Покистон ҳам киради. Сингҳнинг ташрифи ҳиндистонлик юқори мартабали амалдорнинг Хитойга сўнгги беш йилдаги биринчи ташрифи бўлди.
Ҳиндистон ва Хитой муносабатлари нега кескинлаҳган эди?
Бу икки мамлакат муносабатларининг кескинлиги 3,440 километр узунликдаги баҳсли чегарага бориб тақалади. Дарё, кўллар ва қор ёғиши чегара чизиғининг тез-тез ўзгариб туришига сабаб бўлади. Оқибатда баъзан мамлакат ҳарбийлари ўртасида тўқнашувлар содир бўлади.
Сўнгги марта 2020 йил июнь ойида икки мамлакат ўртасида зиддият чиққан. Ўшанда Ладахдаги Галван водийсида ҳарбийлар тўқнашуви юзага келган ва камида 20 нафар ҳинд ва 4 нафар хитойлик аскар ҳалок бўлган эди.
Ушбу геосиёсий ноаниқлик ва қуролли тўқнашувлар икки томонни бир қатор масалалар бўйича умумий тил топишга ундаган. Қўшни давлатлар 2024 йили сўнгги Ладахдаги ҳодиса бўйича келишувга эришган. Январь ойида Деҳли ва Пекин тўғридан-тўғри рейсларни тиклаш ва 2020 йилги тўқнашувдан кейин киритилган виза чекловларини юмшатишга келишиб олган. Худди шу ойда ҳинд зиёратчиларига 6 йиллик танаффусдан сўнг Тибетдаги муқаддас Кайлаш тоғи ва муқаддас кўлни зиёрат қилишга рухсат берилган.

Ярашиш учун сабаблар кўп
Ҳиндистон ва Хитойнинг икки томонламам савдо ҳажми 2024 йили 127 миллиард доллардан ошган. Исломобод асосан Хитой импортига, хусусан, ноёб ер минералларига таянади. Шундай экан, иқтисодий алоқаларни ривожлантириш учун чегара ҳудудларидаги тинчлик муҳим аҳамиятга эга.
BBC’га кўра, Тайванга тобора кўпроқ эътибор қаратаётган Пекин Ҳимолай тоғларида Ҳиндистон билан тинчлик ўрнатилишини хоҳлайди, аммо стратегик жиҳатдан, Хитой Ғарб давлатлари Ҳиндистондан Пекинга салбий таъсир этишда фойдаланаётганидан шубҳаланади.
Шундай қилиб, Пекин чегара можаросини ҳал қилишдан ташқари, бошқа соҳаларда ҳам муносабатларни яхшиланишни истайди. Сабаби у Деҳлининг АҚШ ва унинг иттифоқчиларига қарамлигини камайтиришга умид қилади.
Бу Хитойнинг Ҳиндистонга инвестицияларни кўпайтириш, хитойлик муҳандислар ва ишчилар учун виза чекловларини олиб ташлашни кўзда тутади. Ҳиндистон 2020 йилги тўқнашувдан кейин хавфсизлик нуқтаи назаридан ўнлаб Хитой мобил иловаларини тақиқлаб, мамлакат инвестицияларига чекловлар қўйганди.

Экспертларнинг айтишича, тез ўзгарувчан геосиёсат — айниқса АҚШда президент Трамп иккинчи муддатга ҳокимиятга келганидан бери — Деҳлини ҳам Хитойга яқинлашишга мажбур қилди.
“Ҳиндистон АҚШнинг жуда яқин стратегик иттифоқчиси бўлишини ўйлаган эди. Аммо улар Вашингтондан кутган ёрдамни ололмаяпти”, дейди Нью Йоркдаги Олбани университети профессори Кристофер Клери.
Стратегик экспертларнинг таъкидлашича, Вашингтон Деҳлини “тобора кучайиб бораётган Хитойга қарши таянч” деб билади. Аммо расмий Деҳли АҚШ президентининг олдиндан айтиб бўлмайдиган қарорларини ҳисобга олиб, АҚШ мамлакатни қўллаб қувватлашига шубҳа билан қарайди.
Изоҳ (0)