АҚШ федерал суди 28 май куни президент Дональд Трампнинг жорий этган аксарият божларини тақиқлашини маълум қилди. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Судга кўра, Трампнинг бундай қарор чиқаришга ваколати етарли эмас. Бу божлар маҳсулот нархларини кўтариб, катта компаниялар ва оддий фуқаролар учун қийинчилик туғдирган.
Аммо Трамп маъмурият бу қарор устидан 28 май куни дарҳол шикоят қилди. Бу президент жорий қилган импорт божлари сақланиб қоладими, йўқми деган саволни келтириб чиқарди.
Манхеттендаги АҚШ Халқаро савдо суди таркибидаги уч нафар судьядан иборат ҳайъат Трамп фавқулодда иқтисодий ваколатларига таяниб жорий қилган глобал бож тўловларини, жумладан 2 апрель куни эълон қилган “Озодлик куни” божларини тўхтатган. Суд, шунингдек, президентнинг йил бошида Хитой, Мексика ва Канадага қарши жорий қилган божларини ҳам кучга киритишини тақиқлаган. Бу божлар АҚШга фентанил (гиёҳванд модда) кириб келишига қарши курашиш мақсадида жорий қилинган эди.
Бу қарор асосида Трампнинг Хитойга қўйган 30 фоиз божлари, Мексика ва Канадага қўйилган 25 фоиз божлари, шунингдек, кўпчилик товарларга қўйилган 10 фоиз универсал бож тўхтатилади. Аммо автомобиль, автомобиль қисми, пўлат ва алюминийга қўйилган 25 фоиз божлар сақлаб қолинади.
Ушбу даъво Liberity Justice Center номли ташкилот томонидан киритилган бўлиб, улар ва бошқа кичик бизнеслар божлар туфайли зарар кўрганини айтган. Суд барча судьяларнинг розилиги билан қарор чиқарган.
2 апрелда Трамп ўз иттифоқчиларига қарши катта божлар эълон қилган, аммо кейин 90 кунлик муддатга тўхтатган эди. Ҳозирда эса универсал 10 фоиз божлар давом этмоқда.
“Сайланмаган судьялар миллий фавқулодда вазиятни қандай ҳал қилиш кераклигини белгилай олмайди. Президент Трамп Американи биринчи ўринга қўйишга ваъда берган ва ҳукумат бу инқирозни ҳал қилиш ҳамда Американинг қудратини тиклаш учун барча ваколатларидан фойдаланишга содиқ”, деди Оқ уй вакили Куш Десаи баёнотида.
Изоҳ (0)