Сўнгги йилларда юрак-қон томир касалликлари инсонларнинг эрта вафот этишига асосий сабаб бўлмоқда: бутун дунё бўйича ҳар йили миллионлаб одамлар юрак хуружи ва инсульт оқибатида ҳаётдан кўз юмади.

Кўпинча инсульт ва юрак хуружига олиб келадиган ҳолат бу атеросклероз ҳисобланади. Атеросклероз — бу қон томирларининг ички деворларида холестерин қуйқаларининг ҳосил бўлиши бўлиб, улар қон айланишида тўсиқ ҳосил қилади ва натижада аъзолар ва тўқималарнинг кислород ҳамда озуқа моддалар билан таъминланиши ёмонлашади. Бундай қуйқалар вақт ўтиши билан қон томирларининг ички бўшлиғини торайтириб, ҳаёт учун муҳим органларга қон етиб боришини бутунлай тўхтатиб қўйиши мумкин.
Ушбу қуйқалар “ёмон” холестерин деб аталувчи паст зичликдаги липопротеинлардан (ЛПНП) иборат. Шунингдек, қонда “яхши” холестерин — юқори зичликдаги липопротеинлар (ЛПЙП) ҳам мавжуд бўлиб, улар ортиқча холестеринни қон томирларидан чиқариб, уларни қайта ишлаш учун жигарга олиб боради.
Агар ушбу икки турдаги холестерин ўртасидаги мувозанат бузилса, юрак-қон томир касалликлари хавфи кескин ошади.
Касаллик юзага келиш хавфи ва алоҳида эътибор талаб қилинадиган ҳолатлар

Холестерин даражаси ёш ошган сайин ортиши ва ҳатто пенсия ёшига етмасдан ҳам кўпайиши мумкин.
Сўнгги йилларда шифокорлар кўплаб инсонларда гиперхолестеринемия (холестерин миқдорининг ортиб кетиши)ни кузатмоқда. Бу касаллик тобора ёшлар, ўсмирлар, ҳаттоки мактабгача ёшдаги болаларда ҳам аниқланмоқда.
Асосий хавф омиллари:
Ирсий мойиллик;
Нотўғри овқатланиш: трансёғлар ва оддий углеводларнинг ортиқча истеъмоли;
Ҳаракатсиз турмуш тарзи;
Чекиш ва спиртли ичимликлар истеъмоли;
Сурункали стресс;
Қўшимча касалликлар (қандли диабет, юқори қон босими, семизлик).
Касаллик белгиларининг аён бўлмаслик хавфи
Холестерин миқдорининг юқорилиги яна бир хавф — унинг яширин, яъни симптомларсиз кечишини келтириб чиқаради. Кўплаб касалликлардан фарқли равишда, гиперхолестеринемия йиллар давомида ҳеч қандай белгиларсиз ўтиши мумкин.
Шунинг учун инсонларда соғлиғи жойида деган ёлғон таассурот шаклланади: кўпчилик ўзида холестерин муаммоси борлигини билмайди ва фақат юрак хуружи ёки инсульт рўй берганидан кейингина бу ҳақда хабардор бўлади.
Тадқиқотларга кўра, юрак хуружи билан шифохонага тушган беморларнинг қарийб 50 фоизи юрак билан боғлиқ муаммо борлигини илгари билмаган.
Ташхис қўйиш ва даволаш

Замонавий тиббиёт қуйидагиларни тавсия қилади:
20 ёшдан бошлаб — холестерин даражасини ҳар 4–6 йилда бир марта текширтириш
40 ёшдан сўнг — ҳар йили липид профилини назорат қилиш
Хавф омиллари мавжуд бўлса — шифокор тавсиясига кўра янада кўпроқ текшириб туриш
Тўлиқ липид алмашинуви таҳлилига қуйидагилар киради:
Умумий холестерин
ЛПНП (ёмон холестерин)
ЛПЙП (яхши холестерин)
Триглицеридлар
Атерогенлик индекси
Агар таҳлил натижасида бирор хавф аниқланса, шифокор қуйидагиларни тавсия қилиши мумкин:
Овқатланиш тартибини тўғрилаш (масалан, Ўрта ер денгизи парҳези, ўсимлик ёғларининг улушини ошириш);
Жисмоний фаоллик;
Зарарли одатларни тарк этиш;
Дори воситалари билан даволаш.
Шуни унутмаслик керак: бугунги дорилар холестерин даражасини самарали камайтириш функциясига эга ва кўпчилик беморлар томонидан яхши ўзлаштирилади. Уларни ўз вақтида қабул қилиш юрак-қон томир касалликларининг 80 фоизигача олдини олиш имконини беради.
Касалликни олдини олиш — саломатлик асоси
Атеросклерознинг олдини олиш мумкин, бунинг учун оддий, аммо самарали воситаларни ҳаёт тарзига айлантириш керак:
Доимий жисмоний фаоллик;
Вазнни назорат қилиш;
Трансёғлар (кундалик калория миқдорининг 1% дан кўп эмас), тўйинмаган ёғлар (10% дан кам) ва туз (кунига 5 г гача) истеъмолини чеклаш;
Омега-3 ёғ кислоталари, ўсимлик толаларга бой маҳсулотлар ва антиоксидантларга эга озиқ-овқат истеъмолини кўпайтириш;
Қон босимини назорат қилиш;
Чекишдан воз кечиш;
Стрессни бошқаришни ўрганиш.
Изоҳ (0)