Тошкент вилоятининг Қибрай туманида 1,9 млрд сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланган тадбиркорлар аниқланди, деб хабар берди “Ҳудудгазтаъминот” АЖ.

Маълум қилинишича, Қибрай туманининг “Салор” маҳалласида жойлашган нотурар бино хатловдан ўтказилганда, фуқаро Ш.А. кафел ишлаб чиқариш цехи ташкил этиб, лойиҳа-техник ҳужжатларисиз табиий газ тармоғига ноқонуний уланиб олгани маълум бўлди.
“Э-маъмурий” дастури орқали ҳисоб-китоб қилинганида газ таъминоти корхонасига 955 млн 583 минг сўм миқдорида зарар етказилгани аниқланди.
Шунингдек, Оққўрғон тумани “Уста Нурмат” МФЙда жойлашган “Р.Қ.” МЧЖга қарашли новвойхонада газ тармоғига тегишли лойиҳа-техник ҳужжатларисиз улангани аниқланди.
Ҳолат бўйича 946 млн 080 минг сўмлик зарар қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Аниқланган ҳолатлар бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тегишли тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора вакилларига топширилди.
Бундай ҳолатлар сони ортиб бормоқда
Самарқанд вилоятидаги корхоналардан бири 553 миллион сўмлик электрдан ноқонуний фойдалангани аниқланганди. Шу билан бирга, Қашқадарёда 177 млн сўмлик газ ва “свет”дан ноқонуний фойдаланган шахслар ушлангани хабар қилинганди.
Шунингдек, Қашқадарёда электрдан ноқонуний фойдаланган корхона давлатга 1 млрд сўмдан зиёд зарар етказган. Бундан ташқари, Тошкент, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида энергия ресурсларига ноқонуний уланиш ҳолатлари фош этилганди. Шунингдек:
- Бухорода 1,2 млрд сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди.
- Қорақалпоғистоннинг учта ҳудудида 845 млн сўмлик газдан ноқонуний фойдаланилди.
- Бухоро ва Жиззахда электрдан ноқонуний фойдаланганлар 360 млн сўмдан зиёд зарар етказди.
- Учта вилоятда қарийб ярим млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдаланилди.
2025 йил май ойида ўтказилган текширувлар натижасида истеъмолчилар томонидан энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланилган 229 та ҳолат аниқланиб, тизимга 94 миллиард 887 миллион сўмлик зарар етказилгани маълум бўлди.
Жумладан, ноқонуний фойдаланишлар натижасида:
- 35,6 миллион кВт соат электр энергияси (тахминан 57,9 миллиард сўм) ва
- 13,2 миллион метр куб табиий газ (тахминан 36,9 миллиард сўм) талон-торож қилинган.
Назорат тадбирлари якунига кўра, энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузган истеъмолчилар бўйича 448 та маъмурий иш расмийлаштирилди. Белгиланган тартибда чоралар кўрилиб, тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди.
Изоҳ (0)