Жорий йил 13 август куни Ўзбекистонда 30,1 минг солиқ тўловчи ҳисобидан асоссиз равишда жами 399,3 миллиард сўм маблағ ечиб олинди. Солиқ қўмитаси мазкур ҳолатни техник хатолик сабаб юз берганини билдирди. Бугун, 14 августда муаммо ҳал этилгани, пуллар эгаларига қайтарилгани маълум қилинди.

Қайд этилишича, техник носозлик оқибатларини бартараф этиш ишлари якунланган. Барча солиқ тўловчиларга нотўғри ечиб олинган маблағлар автоматик тарзда тўлиқ қайтарилган.
Мазкур вазият сабабли тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингида вақтинча пасайган баллари аввалги ҳолатига тикланган.
“Биз тушунамиз, ушбу ҳолат кўплаб саволлар ва хавотир уйғотди. Шу сабабли зудлик билан солиқ тўловчиларда юзага келиши мумкин бўлган оқибатларни минималлаштириш бўйича чоралар кўрилди. Келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун барча чораларни кўрамиз. Сизнинг солиқ хизматига бўлган ишончингиз ва қатиятингиз биз учун муҳим”, дея фикр билдирган Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев.

Қўмита маълумотлар базасида юз берган техник носозлик сабабли энг камида 100 минг сўмгача, кўпи билан 1 млрд сўмдан ортиқ маблағлар ечиб олинган. Солиқ органлари маблағларни 13 август охиригача солиқ тўловчилар ҳисоб рақамларига қайтариш бўйича барча зарур чораларни кўраётгани билдирилган. Хусусан, солиқ тўловчиларнинг ҳисобидан ечиб олинган маблағларни қайтариш бўйича тегишли хулосалар тўлиқ Ғазначиликка юборилган.
Изоҳ (0)