ДХХ Хоразм ва Сирдарёда фирибгарлик бўйича уч кишига жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Хоразм вилоятидаги туманлардан бирининг Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўлими бошлиғи хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда, қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган минерал ўғитлар ва биокомплекслар савдоси билан шуғулланувчи МЧЖга тегишли 27 тонна “Биостимулятор” ўсимликлар озуқасини маҳаллий фермер хўжаликларига қиммат нархларда сотиш учун шартнома тузишда амалий ёрдам бериш эвазига 10 минг доллар олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушланган.
Ҳозирда ушбу мансабдор шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “а, в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Сирдарё вилоятида кузатилган ҳолатда эса “Гулистоншаҳаргаз” газ таъминоти бўлими кичик, ўрта бизнес ва бюджет истеъмолчилари билан ишлаш бўлинмасининг етакчи муҳандиси ҳамда маҳаллабай ишлаш хизмати бошлиғи ўзаро тил бириктириб, маҳаллий фуқаронинг хонадонида табиий газдан ноқонуний фойдаланганлик ҳолати юзасидан аниқланган 164 миллион сўмлик зарар суммасини 14 миллион сўмгача камайтириб берганликлари эвазига минг доллар талаб қилган.
ДХХнинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Бош прокуратура департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда муҳандис ушбу пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан муҳандис ва бўлим бошлиғига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси (пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Май ойида кузатилган фирибгарлик ҳолатлари
Тошкентда 2 кишини ҳажга жўнатиш учун салкам 13 минг доллар олган турфирма ходимлари ушланди. Хоразм ва Андижонда фуқароларга имтиёзли кредит олиб беришни ваъда қилиб, пул олган шахслар қўлга тушди. Тошкент шаҳар Адлия бошқармасида алоқа оператори ва Миллий гвардиянинг Қўриқлаш бошқармаси Қарши шаҳар бўлими ходимига ҳам фирибгарлик бўйича жиноят иши қўзғатилди. Қашқадарёда эса 3 нафар адвокатнинг фирибгарлиги фош этилди.
Изоҳ (0)