Жорий йил 15 августдан Ўзбекистондаги мактаб ва боғчаларда “Мажбурий меҳнатга қарши курашиш ҳафталиги” бошланиши эълон қилинди. Бу ҳақда 14 август куни Бандлик вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Меҳнат инспекцияси республикадаги барча таълим муассасаларида назорат тадбирлари ўтказади.
“Сўнгги кунларда ўқитувчи ва мураббийларни мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолатлари бўйича эълон қилинаётган хабарлар фуқароларимизнинг меҳнат ҳуқуқлари дахлсизлиги хавф остидалигини кўрсатмоқда”, дейилади вазирлик хабарида.
Манбага кўра, ҳафталик доирасида нафақат иш берувчилар, балки мажбурий меҳнатга йўл қўйган барча масъул мансабдор шахсларга нисбатан ҳам жавобгарлик чоралари қўлланилади.
Вазирлик хабарида ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ёритилган 10 га яқин ўқитувчи ва мураббийларни мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолатлари тасдиғини топгани билдирилган. Айбдор мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилгани қайд этилган. Тегишли вазирлик ва идораларга қонунбузилиш ҳолатларининг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш ҳамда уларнинг келиб чиқишига имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритилгани таъкидланган.
Аввалроқ Андижон вилоятида мактабни ўқитувчилар таъмирлаётгани акс этган видео тарқалганди. Оқибатда мактаб директори ишдан олинган.
Изоҳ (0)