Тошкент вилоятида Япония технологиялари асосидаги газ таъминоти тизими синов тариқасида йўлга қўйилди, деб хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ва Япониянинг ITО Corporation компанияси ўртасидаги ҳамкорлик доирасида Ангрен шаҳрининг “Янгиобод” маҳалласида янги лойиҳа синов тариқасида ишга туширилди.
Ушбу лойиҳа доирасида ITО Corporation томонидан ишлаб чиқилган замонавий технология — пропан ва ҳаво аралашмасидан синтетик метан газини олувчи қурилмалар ўрнатилди. Ушбу синтетик метан орқали пилот ҳудуддаги бир нечта кўп қаватли уйларни газ билан таъминлаш тизими йўлга қўйилди.
Қайд этилишича, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ва Япония компанияси томонидан лойиҳани янада кенгайтириш, замонавий ускуналарни республика бўйлаб жорий қилиш юзасидан амалий ишлар олиб борилмоқда.
-UtCb0e70.avif)

Мазкур ташаббус Япония Иқтисодиёт, савдо ва саноат вазирлиги кўмагида амалга оширилаётган бўлиб, Ўзбекистонда энергия самарадорлигини ошириш, замонавий ва экологик тоза технологияларни жорий этишга қаратилган стратегик йўналишларнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
Япониянинг ITО Corporation компанияси — саноат технологиялари соҳасида фаолият юритувчи йирик савдо компанияси. У асосан саноат ускуналари, ҳаракатланувчи қисмлар (моторлар, тормозлар, редукторлар) ва автоматлаштириш тизимларига ихтисослашган.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил январь—апрель ойларида Ўзбекистон 150,5 миллион долларлик табиий газ импорт қилган. Бу ўтган йил мос давридагидан 64,2 фоизга кам.
Изоҳ (0)