Актриса Фотима Режаметова ўзини осиб қўйган қўшнисининг иши юзасидан мурожаат билан чиқди. Бу ҳақда “Миллар” дастурида хабар берилди.

Хабарда айтилишича, 2024 йилнинг сентябрь ойида турмушга чиққан қизнинг орадан икки ой ўтгач, куёвнинг хонадонидан ўлиги чиққан. Актриса Фотима Режаметова қўшнилари қаерга мурожаат қилишни билмаётганини айтиб, ички ишлар органларига илтимос билан чиқди.
“Биз қўшни бўламиз, Фотима билан Ҳусан эгизак. Жуда меҳрим тушган эди. Ойнамиздан ойнаси кўринади. Қарасам тобут. Ўғлим бориб келди-да, Фотима оламдан ўтибди, деди.
Ёрдам беринглар, деб мурожаат қилдим. Илтимос қиламан, жавоб берувчи органларимиз берилган аризаларига сал эътиборли бўлсин. Фотимани жиннига чиқариб қўйишди. Биз уни биламиз қанақа қиз бўлганини. Арқон ҳам, расм ҳам йўқ”, дейди у.
Марҳуманинг отаси ҳам интервью бериб, барча унга қизи васвасага тушиб қолгани сабабли жонига қасд қилганини айтганини билдирди.
“Қизимни турмушга берганимдан кейин ҳеч қандай шикоят билан келмаган. Менга ўзини осиб ўлдирганини айтишди. Боргунимча ҳеч ким қизимга тегмаслигини айтдим. Борсам, ётқизиб қўйишган экан. Ўша ерда ўзимни йўқотдим. Қизингиз васвасага тушган, деб ичимни ёндирадиган гапларни айтишди. Мен бунга ишонмайман. Қабрни очаман, охиригача бораман. Сабабини билмагунча тинчимайман деганман”, дейди отаси.
Бундан ташқари, марҳуманинг қайнонаси ҳам воқеага изоҳ берди:
“Фотима қизим биз билан 70 кун яшади. Яхши эди. Уни қиз сифатида кўрдим, келин эмас. Биз учун қадрли инсон эди. Ҳаммамиз унга ўрганиб қолган эдик.
Биринчи марта ўзини осган одамни кўришим, қўрқиб кетдим. Ички ишлар ходимларини чақирдим, улар арқондан ечиб олишди”.
Жонига қасд қилганлар
Тошкент вилоятида 32 ёшли аёл ўзини каналга ташлаб, вафот этганди. Навоийда эса 14 ёшли ўқувчи қиз ўзини осиб вафот этгани ҳақида хабар берилганди.
Самарқанд шаҳрида 19 ёшли қиз ўзини 9-қаватдан ташлаб жонига қасд қилгани ҳақида хабар берилган эди. Ҳозирда марҳуманинг барча оила аъзолари терговга жалб қилинган. Онаси марҳума бир қўнғироқдан сўнг бирданига ўзини ташлаб юборганини билдирган.
Шунингдек, 2025 йил январида Қўқондаги талабалар турар жойида талаба қиз ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар берилган эди. Прокуратура суриштирув натижаларига кўра, мазкур ҳолат шахсий муаммолар сабабли содир бўлгани аниқланган ва жиноят иши қўзғатиш рад этилган.
Яна бир ҳолатда Тошкентдаги хонадонлардан бирида фуқаро ошхонада газ плитасини ёқиш орқали ўз жонига қасд қилишга уринган. Натижада газ ҳаво аралашмаси чақнаши содир бўлиб ёнғин келиб чиққандан сўнг ушбу фуқаро 9-қаватдан ўзини ташлаш орқали ҳалок бўлгани аниқланган.
Изоҳ (0)