ДХХ Қорақалпоғистон Республикасида боғча мудиралиги учун 15 миллион сўм талаб қилган мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири, шунингдек, миллий табиат боғига инспектор сифатида ишга қабул қилиш учун 3 минг доллар олган боғ директорини қўлга олди. Бу ҳақда “Дарё” манбаси хабар берди.
Маълум бўлишича, республиканинг Бўзатов тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири B.А. қўл остидаги ходими А.Б билан жиноий тил бириктириб, мактаб ўқитувчисини боғча мудиралигига тайинлаш учун пора талаб қилган. Бўлим мудири ва унинг ходими тумандаги 12-мактаб ўқитувчиси З.А.га 15 миллион сўм пул берса, уни шу тумандаги 11-давлат мактабгача таълим ташкилоти директорлигига тайинлашини ваъда қилган.
У ходими орқали математика ўқитувчисидан келишилган пулни олаётган пайтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудирига Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “б” банди ва 3-қисми “в” банди билан, бош мутахассисга нисбатан эса Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов олиб борилмоқда.
ДХХнинг республика бошқармаси шунингдек, ИИБ ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган навбатдаги тадбирда эса миллий табиат боғи инспекторлиги учун пул талаб қилган боғ директори ҳам қўлга олинган.
Маълум бўлишича, республикадаги “Жанубий Устюрт” миллий табиат боғи директори А.Б. ундан иш сўраб келган фуқарога иш бериш эвазига пора талаб қилган. Директор фуқарони “Жанубий Устюрт” миллий табиат боғи инспектори қилиб тайинлаш “хизмати” 3 минг доллар бўлишини айтган.
Боғ директори фуқародан келишилган пулни олаётган пайтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимлар томонидан қўлга олинди. Боғ директорига нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Изоҳ (0)