Фарғонада ДХХ ва Бош прокуратура департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда банк масъуллари ва ҳоким ёрдамчилари жиноятлари фош бўлди.

Акциядорлик тижорат “Халқ банки”нинг Ўзбекистон банк хизматлари марказида ишловчи маҳалла банкири мазкур марказ бошқарувчиси ўринбосари билан ўзаро тил бириктириб, 2 нафар фуқаро номига 66 милион сўм кредит ажратиб бериш эвазига 10 миллион сўм талаб қилган. Маҳалла банкири сўралган пулни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Терговга қадар текширув давомида, у кредит ажратиб бериш учун муқаддам 600 минг сўм, банк бошқарувчиси ўринбосари эса 920 минг сўм олгани аниқланди.
Шунингдек, “Халқ банки” Ўзбекистон БХМ мансабдор шахслари, Ўзбекистон туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 2 нафар ҳоким ёрдамчиси ва улгуржи савдога ихтисослашган МЧЖ раҳбари сохта ҳужжатлар асосида бошқа фуқаролар номига 153 миллион сўм миқдорида мақсадсиз кредит ажратилишига эришиб, уларни нақдлаштириб, талон-торож қилгани ҳам маълум бўлган
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Таъкидланишича, БХМ бошқарувчиси ўринбосари 2000 ва 2015 йилларда Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми ва 211-моддаси 1-қисми билан судланган бўлса-да, ўз хатоларидан тўғри хулоса чиқармаган.
Май ойида кузатилган фирибгарлик ҳолатлари
Тошкентда 2 кишини ҳажга жўнатиш учун салкам 13 минг доллар олган турфирма ходимлари ушланди. Хоразм ва Андижонда фуқароларга имтиёзли кредит олиб беришни ваъда қилиб, пул олган шахслар қўлга тушди. Тошкент шаҳар Адлия бошқармасида алоқа оператори ва Миллий гвардиянинг Қўриқлаш бошқармаси Қарши шаҳар бўлими ходимига ҳам фирибгарлик бўйича жиноят иши қўзғатилди. Қашқадарёда эса 3 нафар адвокатнинг фирибгарлиги фош этилди. Хоразмда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўлими бошлиғи 10 минг доллар олаётганида ушланди.
Изоҳ (0)