Тошкент шаҳри Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБнинг ваколати доирасидан четга чиқиб, қамоққа олинган фуқароларни қийноққа солишда айбланган уч ходими жазоланди. “Дарё” суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмида келтирилишича, улар Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ катта тезкор вакили Ф.Қораев ҳамда ППХ инспектори лавозимида ишлаган Б.Шоназаров ва К.Мирзабоев бўлиб, 2024 йил августида турли кўринишда тазйиқ ўтказиб, қийноққа солиб, фуқароларга гиёҳванд модда билан боғлиқ, улар содир этмаган жиноятни бўйнига олишга мажбурлаган.
“Мени камерасиз хонага олиб киришди. Қўлларимга кишан солиб, қўлларимни юқорига, деворга қаратиб кўтаришга мажбур қилишди. Бошимга бир нечта қора пакет кийдириб, скотч билан ўраб қўйишди. Бўғилиб кетдим. Кейин орқамга, оёқларимга уришди, электрошокер қўллашди...”, деган қийноққа солинган фуқаролардан бири М.А.
Экспертиза унда кўплаб жароҳатлар, жумладан, электрошок таъсирига хос бўлган зарба ва куйиш излари борлигини тасдиқлаган.
“Нафасим сиқилиб, ўлиб қоламан деб ўйладим... барчасини бўйнимга оламан, фақат қийнаманглар, урманглар, дедим”, деган у суддаги кўрсатмасида.
Яна бир жабрланувчи А.И. ИИБ ходимлари унга оғир тан жароҳати етказганини айтган.
“Ходимлардан бири керакли қоғозларга имзо чекишга рози бўлгунимгача мени калтаклади, дубинка зарбаси бошимга тегди. Шундан сўнг қулоқ пардам йиртилиб кетди...”, деган у.
Тиббий хулосага кўра, А.И.да оғир бош жароҳати, тан жароҳатлари ва руҳий шикастланиш белгилари аниқланган.
Яна бир фуқаро И.С. ҳам қийноққа солинганини, жумладан, “зажигалка”ни ёқиб, унинг жинсий аъзосига яқинлаштириб, жиноятни бўйнига олишга мажбурлашганини, бундан қўрқиб кетиб, улар хоҳлаган нарсани ёзиб беришга розилик билдирганини айтган.
Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ биносига ДХХ ходимлари келиб, жиноятда айбланаётган фуқароларни ўзлари билан ДХХ Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси биносига олиб боргач, фуқаролар ўзларига маълум бўлган барча ҳақиқий ҳолатларни сўзлаб берган.
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 2025 йил 16 майдаги ҳукми билан Ф.Қораев ва К.Мирзабоевга 5 йил 1 ойга, Б.Шоназаровга 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Изоҳ (0)