Қуёшда йирик тож тешиги пайдо бўлиб, катталаша бошлаган. Бу ҳақда Россия Фанлар академияси Космик тадқиқотлар институти (КТИ) Қуёш астрономияси лабораторияси ўзининг Telegram каналида хабар берди.

“Бир неча кундан буён Қуёшнинг Ерга қараган томонида катта тож тешиги ўсиб бормоқда. Сўнгги сутка ичида унинг майдони ва ўлчамлари айниқса тез ўсди, тахминан 50 фоизга кенгайди”, дейилади хабарда.
Лаборатория мутахассисларининг тушунтиришича, бир неча кундан сўнг бу ҳодиса Ер атрофидаги қуёш шамоли тезлигининг ошишига олиб келади. Бу эса ўз навбатида сайёрамиздаги геомагнит вазиятга таъсир кўрсатиши мумкин.
Олимларнинг таъкидлашича, тешик ҳудудида қуёш шамолининг ғоят тез ва зич оқими кутилмоқда. Бундай хулосага Қуёш атмосферасининг нафақат юқори, балки қуйи қатламларида ҳам кучли қорайиш кузатилаётгани асосида келинди. Одатда, нурланувчи модда атмосферанинг қуйи қатламларидан жуда кам ҳолларда чиқиб кетади.
“Аниқланишича, 18 август, душанба куни Ер атрофида қуёш шамоли тезлиги орта бошлайди ва 19-20-санага келиб сониясига 800-900 километргача етиб, ғайритабиий юқори даражага кўтарилиши мумкин. Бу кўрсаткич одатдаги қийматлардан 2-2,5 баравар юқори ҳисобланади”, дейди мутахассислар.
Ҳозирда олимлар қуёш шамолининг бундай кучайишини яқин етти-ўн кун ичида геомагнит вазиятга таъсир этувчи асосий омил сифатида баҳоламоқдалар. Улар шу вақтгача, жумладан, яқин дам олиш кунларида ҳам, Ернинг магнит майдони барқарор бўлишини таъкидлашган.
Бундан аввал 2025 ПМ номли диаметри 50 метр бўлган астероид 17 август куни Ерга тахминан 384 минг километр масофагача яқинлашиши ма`лум қилинганди.
Изоҳ (0)