Ўзбекистонда фуқароларни ҳажга юборишини айтиб фирибгарлик қилган яна тўрт кишига жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ҳамда ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, Андижон шаҳрида яшовчи, 1966 йилда туғилган, муқаддам бир неча маротаба судланган шахс алдов йўли билан ўзгаларнинг ишончига кириб, ҳозирда фаолият юритмаётган Андижон шаҳридаги туристик фирма номидан 10 нафар фуқарони ҳажга юборишини айтиб, эвазига ҳар бири учун 5 минг доллардан жами 50 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Қашқадарё вилоятида кузатилган ҳолатда Қарши шаҳрида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи, 1985 йилда туғилган шахс фирибгарлик йўли билан фуқаронинг ишончига кириб, у ва унинг қариндошини пойтахтдаги танишлари орқали ҳажга юбориш эвазига 14 минг доллар олган вақтида ушланди.
Наманган шаҳрида қайд этилган ҳолатда эса маҳаллий туристик фирмалардан бирининг менежери 2 нафар фуқарони ҳажга юбориш эвазига 20 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 10 минг доллар олган вақтида ДХХ ва ички ишлар органлари томонидан ушланган.
Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи туристик фирма ишчиси Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида яшовчи фуқаронинг ишончига кириб, уни ҳажга юбориш эвазига Қўқон шаҳрида 9 минг доллар олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан унинг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
27 майда Тошкентда 2 кишини ҳажга жўнатиш учун салкам 13 минг доллар олган турфирма ходимлари ушлангани хабар қилинганди. 15 майда Тошкентда тўрт кишини 26 минг доллар эвазига ҳажга ноқонуний юбормоқчи бўлган турфирма ходимлари ушлангани маълум қилинди.
Дин ишлари бўйича қўмита ноқонуний йўллар билан ҳажга бориш оқибатлари ҳақида фуқароларни доимий равишда огоҳлантириб келади. Белгиланган тартибга мувофиқ ҳаж амалларини бажариш учун зиёратчида “Ҳаж-2025” визаси бўлиши шарт. Саудия Арабистони ҳукумати қолган барча турдаги визалар — умра, туризм, бизнес, зиёрат ва бошқалар билан ҳаж тадбирини амалга оширишга қатъий йўл қўймайди. 2025 йилда Ўзбекистондан 15 259 нафар фуқаро ҳажга боради.
Изоҳ (0)