Қозоғистонда картошка нархлари ошиб кетганига миллий иқтисодиёт вазири Серик Жумангарин муносабат билдирди. Бу ҳақда Tengrinews хабар берди.

Вазир нархларнинг ошишини учта давлатда ҳосил яхши бўлмагани сабабли сабзавотлар экспорт қилингани билан боғлади.
Талаб ва таклиф қонуни мавжуд. Беларусда ҳам, Россияда ҳам, Ўзбекистонда ҳам картошка ҳосили яхши бўлмагани сабабли, картошка билан шундай ҳолат юзага келди. Қозоғистонда етарли даражада катта захиралар бор эди, биз ўтган йили уларни шакллантирган эдик. Бироқ фермерлар ҳам даромад кўриши керак эди, шу боис маълум вақт давомида картошка экспортига тўсқинлик қилмадик. Бизда картошка тақчиллиги йўқ, лекин нарх кўтарилди, деди Серик Жумангарин.
Вазир ҳукуматнинг икки йўли борлигини маълум қилди. Биринчиси — картошка нархини чеклаш, шунда “бу йил уни ҳеч ким экмайди ва келаси йили аниқ тақчиллик кузатилади”. Иккинчи йўл — картошка экспортини чеклаш, амалда шундай қилинди ҳам.
Аммо биз нархларни чекламадик. Чунки бу бозор тамойилларига зид бўлган чоралар бўларди. Ҳозир картошка 400-600 тенге (салкам 10-15 минг сўм) атрофида турибди. Туркистонда янги картошка пайдо бўлди, унинг нархи 200-300 тенгедан (тахминан 5-7 минг сўм) бошланмоқда. Ўйлайманки, ҳозир нарх барқарорлашади. Бизда дўконларда картошка бўлмаган бирор ҳолат кузатилмади. Масала нархда, лекин шунга яраша талаб ҳам бўлади, деди амалдор.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги таъкидлашича, нархи 1300 тенге (32 минг сўм) атрофида бўлган янги картошка Туркистон вилоятида плёнка остида етиштирилмоқда. Унинг нархи юқорилигига етиштириш технологияси ва “жозибадор” кўриниши сабаб бўлмоқда.
2025 йилда Қозоғистон атиги 15 минг тонна юқори сифатли картошка етиштирган. Оддий картошка 2,6 миллион тоннани ташкил этган. Қозоғистонда иккинчи нон тақчиллиги йўқ, дея қўшимча қилди вазирлик.
Россия ва Беларусда бу йил картошка етишмовчилиги кузатилмоқда. Беларусь президенти Александр Лукашенко россияликларни картошка танқислигидан қутқаришни буюрганди. У икки мамлакатни боқишга етарли миқдорда картошка етиштириш вазифасини қўйган. У бу яхшигина даромад келтиришини ҳам айтган.
Нима бўлганда ҳам, картошка етиштиришни яхши биламиз. Рус биродарларга ёрдам бериш керак, деган Лукашенко.
Изоҳ (0)