Ҳосилнинг камайиши ва экин майдонлари етишмаслиги Россияда картошка захиралари қисқаришига сабаб бўлди. Оқибатда картошканинг улгуржи нархи йил бошидан бери 85 фоизга, 2024 йилнинг баҳорига нисбатан эса 4,4 баробарга ошди. Бу ҳақда “Коммерсант” хабар берди.

Чакана нархлар ўтган йилга нисбатан 2,8 баробар кўтарилган. Улгуржи савдо ортидан чакана савдо ҳам нархларни оширмоқда. Хусусан, апрель ойи охирига келиб, дўконлардаги картошка нархи 1 килограмм учун 85,4 рублни (тахминан 13 500 сўм) ташкил этган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан деярли уч баробар юқори.
2024 йил ҳосилига тегишли картошканинг улгуржи бозордаги ўртача нархи апрель охирида 1 килограмм учун 46,3 рублни (7300 сўм) ташкил этган. Бу йил бошидан бери 85,2 фоизга ошганини англатади. Мутахассислар бу нархни кузатувлар тарихидаги энг юқори кўрсаткич деб баҳоламоқда.
2 май куни картошканинг улгуржи нархи 1 килограмм учун ўртача 51,1 рублга (8100 сўм) баҳоланган. Бу бир ой ичида 20,5 фоизга, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан эса 4,4 баробарга ошган.
“Руспродсоюз” ташкилоти эса 2 май ҳолатига кўра улгуржи харидларда картошканинг ўртача нархини 1 кг учун 47,6 рубль (7 500 сўм) деб баҳоламоқда. Нарх бир ой ичида 25 фоизга ошган.
Улгуржи нархлар ортидан истеъмол нархлари ҳам ошиб бормоқда
Росстат маълумотларига кўра, картошканинг ўртача нархи 1 кг учун 85,4 рублни (13 500 сўм) ташкил этган. Йилдан йилга бу кўрсаткич 2,8 баробарга ошган. Чакана савдо компаниялари уюшмаси президиуми раиси Станислав Богданов таъкидлашича, чакана сотувчилар картошканинг энг арзон турларини харид нархидан ҳам паст сотиб, ўртача 1 кг учун 2 рубль йўқотмоқда.
Нархларнинг ўсишига бир неча омиллар сабаб бўлмоқда
Бозор захираларнинг камайиши, омборларнинг етишмаслиги, энергия сарфининг юқорилиги ва талабнинг ошиши туфайли нархларнинг кўтарилишини бошдан кечирмоқда, дейди “Руспродсоуз” ташкилоти ижрочи директори Дмитрий Востриков.
Россия Қишлоқ хўжалиги вазирлигига кўра, 2025 йилда картошка экиладиган майдонлар, 2,3 фоизга ошиб, 286,3 минг гектарга етади. Аммо ҳосилни йиғиб олиш май ойининг совуқлари туфайли кечроқ бошланиши мумкин.
Бозордаги ноаниқлик июнь охири — июль ойи бошигача сақланиб қолади, бу вақтда Россияда одатда картошка йиғим-терими бошланади, дейди “Коммерсант” суҳбатдоши.
Ўзбекистонга қанча картошка импорт қилинган?
Статистика агентлиги маълумотларига кўра, мамлакатга 2024 йилнинг январь—ноябрь ойларида хориждан қиймати 52,6 миллион долларга тенг бўлган 627 минг тонна картошка импорт қилинган. Бунда энг кўп картошка экспорт қилган давлатлар қуйидагилар:
- Қозоғистон — 465,2 минг тонна;
- Қирғизистон — 71,3 минг тонна;
- Покистон — 110,7 минг тонна;
- Афғонистон — 15,9 минг тонна;
- Эрон — 3 минг тонна;
- Бошқа давлатлар — 1,6 минг тонна.
Изоҳ (0)