Ўзбекистоннинг ваколатли органлари Россия Қуролли кучлари билан шартнома имзолаб, Украинага қарши урушда иштирок этган 1110 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳақидаги маълумотларни текширишни бошлади. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхонов “Газета.уз”га маълум қилди.

Украинада Россия ҳарбийларига ўз ихтиёри билан асирга тушишда ёрдам бериш мақсадида ташкил этилган давлат лойиҳаси — “Яшашни истайман” ташаббуси Россия Қуролли кучлари билан шартнома тузган ва жанговар ҳаракатларда қатнашган Ўзбекистон фуқароларининг номма-ном рўйхатини эълон қилганди.
ТИВ матбуот котиби Аҳрор Бурхоновнинг таъкидлашича, агар юқорида келтирилган фуқароларнинг жанговар ҳаракатларда иштирок этгани тасдиқланса, Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, улар тегишли жавобгарликка тортилади. Унга кўра, мамлакатдан ташқарида ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш қатъиян тақиқланган.
Шунингдек, рўйхатда келтирилган Ўзбекистон фуқароларининг айримлари Россия фуқаролигини ҳам олгани кўрсатилган. Ўзбекистонда икки фуқаролик амалда тақиқланган. Бу бўйича ҳам чоралар кўрилиши айтилди.
Ҳолат ҳақида батафсил
Камида 1110 нафар Ўзбекистон фуқароси Россия Федерацияси Қуролли Кучлари билан шартнома тузган. Бу рўйхат тўлиқ эмас: Россия ёки бошқа давлат фуқаролигига эга бўлган этник ўзбекларни ҳисобга олсак, уларнинг умумий сони бир неча мингга етиши мумкин.




Лойиҳада таъкидланишича, бу ҳарбий асирлар рўйхати эмас.
Маълумотларга кўра, Россия Қуролли Кучлари билан шартнома тузганлар орасида камида 109 киши ҳалок бўлган. Улар орасида энг ёши 21 ёшга тўлмаган, энг каттаси 62 ёшда. Ҳалок бўлганлардан бири шартнома имзолаганидан кейин 8 кун ҳам яшамаган.



“Россия Қуролли Кучларига ўзбекларни ёллаш тарихи тожиклар билан жуда ўхшаш: Ўзбекистондан келаётган муҳожирлар оқими камайиши ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас, Россия давлати эса улардан “тўп гўшти” сифатида фойдаланишдан мамнун. Марказий Осиёдан келганларни ўз ҳукмлари бўлиб қоладиган ҳужжатни имзолашга эса қамаш ва депортация қилиш таҳдидлари билан “рағбатлантирмоқдалар”, дейилади хабарда.



Маълумот учун, “Яшашни хоҳлайман” — Украина Мудофаа вазирлиги ва Бош разведка бошқармаси кўмагида ташкил этилган ҳарбий асирлар масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи штабнинг давлат лойиҳаси ҳисобланади. Лойиҳа Россия Федерацияси ва Беларусь Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг ихтиёрий равишда асирликка таслим бўлиши учун яратилган.
Ўзбекистон қонунчилиги нима дейди?
Жиноят кодексининг 154-моддасига кўра, ёлланиш, яъни низолашаётган давлатнинг фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси ҳисобланмаган ёхуд назорат қилиниб турган низолашаётган давлат ҳудудида доимий яшамайдиган ёки ҳеч қандай давлат томонидан қуролли кучлар таркибида расмий топшириқни бажариш ваколати берилмаган шахснинг моддий манфаатдорлик ёки бошқа бирон шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиши 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Жиноят кодексининг 154−1-моддасига кўра, Ўзбекистон фуқаросининг чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириши базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваригача (112,5 млн сўм) миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, хизматга ёлланиши эса 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Изоҳ (0)