Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов Россия президенти Владимир Путиннинг халқаро ахборот агентликлари вакиллари билан учрашувида қатнашди ва Россия президентига савол берди.
Абдусаид Кўчимов Путиндан Россия учун Афғонистон билан мулоқотни давом эттириш қанчалик муҳимлиги, бугунги кунда афғон йўналиши Россия сиёсатида қандай ўрин тутиши ҳақида сўради.
Владимир Владимирович, яқинда Тошкентда ўтказилган музокараларда сиз Шавкат Мирзиёев билан долзарб халқаро масалалар юзасидан фикр алмашдингиз.
Бизнинг Ўзбекистон учун қўшни Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўта муҳимдир. Афсуски, Украинадаги воқеалар бутунлай глобал кун тартибидан, бизнингча, камроқ долзарб бўлмаган афғон масалаларини сиқиб чиқарди. Бироқ янги Афғонистон ҳукумати билан ҳамкорлик ўрнатиш, узоқ йиллар қийналиб келаётган афғон халқининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилишга ёрдам бериш зарурати мавжуд. Бундан ташқари, биз янги Афғонистон ҳукумати, яъни “Толибон”нинг, мамлакатда тинчлик ўрнатишга, барча давлатлар билан конструктив ҳамкорлик ўрнатишга интилаётганини кўрмоқдамиз.
Шу билан боғлиқ саволим: Россия учун Афғонистон билан мулоқотни давом эттириш қанчалик муҳим? Бугунги кунда афғон йўналиши Россия сиёсатида қандай ўрин тутади? Бу мамлакат атрофидаги жараёнларга муносабатингиз қандай? — дея савол берган Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги бош директори.
Россия президенти эса дастлаб Ўзбекистонга ташрифи бутунлай бошқача форматда бўлганини айтиб, бу жуда фойдали бўлганини таъкидлади. Шунингдек, у Шавкат Мирзиёев билан Украина масаласини муҳокама қилганида Ўзбекистон президенти бу масалани тинч йўл билан ҳал қилиш тарафдори эканини бир неча бор қайд этганини айтиб ўтди.
Аввало, шуни тасдиқламоқчиманки, Ўзбекистонга ташрифим жуда жиддий, самарали ва натижадор бўлди. Бундай формат ҳали ҳеч ким билан бўлмаган, айнан президент Мирзиёев томонидан ташаббус сифатида таклиф этилган эди. Биз президент таклифига биноан катта ҳукумат делегацияси билан Ўзбекистонга келдик, ва бир вақтда ҳудуд раҳбарлари йиғилишини ўтказдик. Натижада, Россия ҳукуматининг ярми Тошкентга келди ва Россия Федерацияси ҳудудларининг кўплаб раҳбарлари ҳам иштирок этди. Қизиғи, баъзи ҳудудлар раҳбарлари ҳатто Тошкентда янгиланган Россия ҳукуматининг раҳбарияти билан мулоқот қилишдан завқланиб, ўзаро жуда фаол иш олиб бордилар. Бу жуда фойдали бўлди, ҳатто мен учун ҳам кутилмаган натижа бўлди. Бу биринчиси.
Иккинчидан, биз Украина муаммосини ҳам муҳокама қилдик, ва президент Мирзиёев, албатта, Украина инқирозини тинч йўл билан ҳал қилиш тарафдори эканлигини бир неча бор изҳор этди. Биз президент Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистон Украинадаги воқеалардан хавотирланаётгани ҳақида бир неча бор гапиргани учун миннатдорлик билдирамиз. Аммо биз Ўзбекистон сиёсатининг холис ва жуда мувозанатли эканини қадрлаймиз.
Афғонистон масаласига келсак, биз бу ҳақда ҳам жуда кўп гаплашдик. Ўзбекистон дуч келаётган муаммо бу — дунё океанига, денгизларга чиқиш муаммоси, буни яхши тушунамиз. Бу ерда турли йўналишлар мавжуд, жумладан, Афғонистон ҳудуди орқали логистика ривожланиши, нефть-газ қувурлари, темирйўл транспорти, автомобиль йўллари тармоғи, энергетика, электр энергияси етказиб бериш ва бошқалар. Албатта, Ўзбекистон учун ҳам, биз учун ҳам Афғонистондаги барқарорлик жуда муҳим. Биз доимо шуни айтиб келамизки, амалий реалликлардан келиб чиқиш керак: “Толибон” Афғонистонда ҳокимиятни назорат қилмоқда, ва, албатта, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти даражасида эришилган барча келишувлар бажарилишига эришиш керак, жумладан, Афғонистондаги барча этник гуруҳлар иштирок этадиган инклюзив ҳукуматга эга бўлиш керак. Бу нозик ва жуда муҳим масала. Аммо “Толибон” ҳукумати билан муносабатларни йўлга қўйиш зарур. Умуман олганда, бизда контаклар мавжуд, биламан, Афғонистон ҳам буни ривожлантиришга интиляпти. Биз бу борада биргаликда ишлаймиз, ушбу имкониятларни ўрганамиз, — дейди Путин.
Изоҳ (0)