Тошкентнинг Яккасарой туманидаги технопарк ҳудудида юз берган ёнғинда икки киши вафот этди. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар берди.

Қўшбеги кўчасидаги технопарк ҳудудида жойлашган синтефон ишлаб чиқариш цехида ёнғин рўй бергани тўғрисида ФВБга хабар соат 07:01 да келиб тушган. Шунга кўра ёнғин-қутқарув экипажлари соат 07:04 да ҳодиса жойига етиб бориб, ёнғин 07:45 да ўраб олинган ва соат 08:09 да ўчирилган.
Ёнғин бартараф этилгандан сўнг, ёнғин жойини ўрганиш давомида икки нафар фуқаронинг жасадлари аниқланган. Шунингдек, 5 нафар фуқаро тан жароҳати билан шифохонага юборилган.
Ёнғин оқибатида цехнинг, тахминан, 700 квадрат метр майдонда томи, шифти ва маҳсулотлари ёниб зарарланган. Ёнғинни бартараф этишга 11 та асосий, 6 та махсус турдаги ёнғин ўчириш техникалари жалб этилган.
Ёнғин ишлаб чиқаришда технологик жараённинг бузилиши натижасида юзага келгани тахмин қилинмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Воқеа жойига ФВВ раҳбарияти, Тошкент шаҳар ФВБ бошлиғи ва туман ФВБ раҳбар ходимлари ИИБ, ССБ, прокуратура масъул ходимлари чиққан.
Сўнгги кунларда юз берган ёнғинлар
29 апрель куни Тошкентнинг Миробод туманидаги қурилиш маҳсулотлари сақланаётган омборхонада ёнғин чиққанди. Ёнғинни бартараф этишга 12 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб этилган. 2025 йил 26 апрель куни Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган гилам дўконида ёнғин содир бўлганди. 17 апрелда Хоразм вилояти Ҳазорасп туманида уч қаватли савдо дўконида ёнғин юз берди. Ушбу ёнғинлар оқибатида қурбонлар бўлмаган.
Изоҳ (0)