Тошкент шаҳри Яккасарой технопарки ҳудудидаги ишлаб чиқариш цехида ёнғин содир бўлаётгани хабар қилинганди. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълум қилишича, содир бўлган ёнғин бартараф этилди.
Қайд этилишича, 1 сентябрь куни соат 16:26 да Қўшбеги даҳасида жойлашган Яккасарой технопарки ҳудудидаги ишлаб чиқариш цехининг том ва ички қисмида тахминан 1000 квадрат метр майдонда ёнғин содир бўлган.
Шунга кўра ёнғин-қутқарув экипажлари соат 16:31 да ҳодиса жойига етиб бориб, ёнғин соат 17:29 да қуршаб олинган ва соат 18:07 да бартараф этилган. Воқеа жойига ФВВ раҳбарияти, Тошкент шаҳри ФВБ ва туман ФВ бўлими раҳбар ходимлари етиб борган.
Ёнғинни бартараф этишга 11 та ёнғин-қутқарув экипажи, 2 та махсус сув ташишга мўлжалланган (водовоз) автомобиль, 1 та қутқарув отряди экипажи жалб этилган. Ёнғин оқибатида фуқароларнинг тан жароҳати олиш ва ҳалок бўлиш ҳолатлари тўғрисида хабар келиб тушмаган.
Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Изоҳ (0)