Россия немис Taurus қанотли ракеталарининг Россия объектларига қарши ҳар қандай қўлланилишини Германиянинг Украинадаги ҳарбий можародаги тўғридан-тўғри иштироки сифатида баҳолашини маълум қилди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Заҳарова билдирди.

“Бундесвер ҳарбий хизматчиларининг бевосита кўмагисиз бу қанотли ракеталардан жанговар ўқ узиш имконсиз бўлгани сабабли улар билан Россиянинг ҳар қандай объектларига, муҳим транспорт инфратузилмасига зарба берилиши Германиянинг жанговар ҳаракатлардаги бевосита иштироки сифатида баҳоланади”, дея таъкидлади Заҳарова.
Ушбу баёнот Германиянинг эҳтимолий бўлажак канцлери Фридрих Мерснинг Европа Иттифоқидаги ҳамкорлар билан келишилган ҳолда Украинага Taurus ракеталарини етказиб беришга тайёрлиги ҳақидаги фикридан сўнг янгради. Мерснинг таъкидлашича, НАТОнинг айрим давлатлари, жумладан, АҚШ, Буюк Британия ва Франция аллақачон Киевга қанотли ракеталар етказиб бермоқда. Ўз навбатида, Германия мудофаа вазири Борис Писториус бундай қадамга қарши “кўплаб асослар” мавжудлигини айтган.
Taurus ракеталари 500 километрдан ортиқ масофани босиб ўтиш қобилиятига эга бўлиб, кўприклар ва чуқур жойлашган қўмондонлик бункерлари каби мустаҳкамланган нишонларни йўқ қилишда юқори аниқликка эга эканлиги билан танилган.
Германиянинг амалдаги канцлери Олаф Шольц илгари Киевнинг ушбу ракеталарни топшириш ҳақидаги сўровларини бир неча бор рад этган бўлиб, ўз позициясини можаронинг кучайиб кетишидан хавотирланиш билан асослаган.
Изоҳ (0)