Бугунги кунда дунёдаги геосиёсий тебранишлар даврида денгиз йўлларига бўлган ишончнинг камайиши қуруқлик орқали ўтувчи йўлларга талабни оширмоқда. Айниқса, Россия ва Украина ўртасидаги уруш ҳаракатлари ва Ғарб томонидан Россияга санкцияларнинг жорий этилиши Марказий Осиё мамлакатларидан ўтувчи транспорт лойиҳаларини жонлантириб юборди.
Сўнгги вақтларда Ўзбекистоннинг транскаспий халқаро транспорт йўлагида иштироки ўсиб бормоқда. Масалан, жорий йилнинг 7—8 июль кунлари Пекин шаҳрида Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темирйўли қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” имзоланди. Шунингдек, 28—29 май кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Озарбайжон, Грузия ва Туркия давлатларининг темирйўл администрация вакиллари ўртасида CASCА+ транспорт йўлаги бўйлаб юк ташишларни ривожлантириш бўйича учрашув бўлиб ўтди.
“Дарё” транскаспий халқаро транспорт йўлагида Ўзбекистоннинг иштироки ва манфаатлари ҳақида Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Абдулла Абдуқодиров ва сиёсий таҳлилчи, “Билим карвони” нодавлат илмий муассасаси эксперти Наргиза Умарова билан суҳбатлашади.
— Суҳбатимиз бошида транскаспий халқаро транспорт йўлаги тўғрисида бир оз тўхталиб ўтсак.
Наргиза Умарова, сиёсий таҳлилчи, “Билим карвони” нодавлат илмий муассасаси эксперти:
— Дастлаб, суҳбатимиз бошида транспорт йўлаклари борасида атамаларга ойдинлик киритиб ўтганимиз мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки бу коридор ривожлангани сайин расмий манбаларда, жамоатчилик орасида ва экспертлар орасида турли хил атамалар учрамоқда. Транскаспий йўлининг иккинчи номи — ўрта йўлак. Бу йўлакнинг ичида бир нечта йўналишлар мавжуд. Аслида бу йўлак трансконтинентал, яъни турли хил минтақаларни бир-бири билан боғлайдиган халқаро коридор ҳисобланади. Бу йўлак ичига темирйўл, автомобиль йўллари ва денгиз йўллари кириб кетади. Ва бу йўлларнинг барчаси Марказий Осиё минтақасидан ўтади. Транскаспий халқаро транспорт йўлининг шимолий йўналиши Хитойнинг Қашғар шаҳридан бошланиб, Қозоғистон орқали Россияга чиқиб кетади. Иккинчи йўл — марказий йўналиш Қозоғистоннинг Жанубий ҳудудлари орқали Каспий денгизидаги Ақтау портига чиқади. Учинчи йўл Қашғар шаҳридан бошланиб, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Туркманистон орқали ўтиб, Каспий денгизидаги Туркманбоши портига боғланади. Бу йўналишларнинг барчаси Европага чиқади. Яъни Каспий денгизи орқали Озарбайжон портларига уланиб, Озарбайжондан Грузия ва Туркияга чиқиш мумкин. Туркия ва Грузия портлари орқали эса Шарқий Европа билан боғланади.
Атамалар орасида трансосиё йўлаклари, деган тушунча мавжуд. Трансосиё коридорлари орасида транскаспий йўлаги марказий коридор сифатида ишлатилади. Ва шу ўринда жанубий йўналиш мавжуд. Бу бевосита Жанубий Осиё ва Эрон орқали Форс кўрфази мамлакатларига чиқиш йўналиши ҳисобланади.
Абдулла Абдуқодиров, Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари:
— Атамалар нима учун хилма-хил? Биринчидан, ҳозир Марказий Осиё давлатлари ўртасида қайси йўлакни биргаликда ривожлантириш тўғрисида бирорта келишув мавжуд эмас. Бу ҳали ҳам катта-катта баҳсларга сабаб бўлмоқда. Иккинчидан, айрим давлатлар ўз орзуларини катта пиар қилиш орқали буни бошқаларга сингдиришга ҳаракат қилмоқда. Учинчидан, бу ерда асосий ролни Шарқда Хитой, Ғарбда эса Европа ўйнайди. Марказий Осиё давлатлари Хитой ва Европа орасида транзитни амалга оширувчи ҳисобланади. Бу ерга Марказий Осиё мамлакатларига келадиган ва чиқиб кетадиган юкларнинг ҳажми ва тури катта аҳамиятга эга. Табиийки, ўз ўрнида Марказий Осиёдан Европа ва Хитойга табиий ресурслар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари чиқиб кетади.
Бугунги воқеликдан келиб чиқиб гапирсак, Хитойдан Россия ҳудуди орқали Европага чиқувчи йўл мавжуд. Лекин бу йўлни Россияга қўйилган санкциялар туфайли тўлиқ ишлатиб бўлмаяпти. Иккинчи йўналиш — Қозоғистон орқали Каспийга чиқиш. Хитой ҳозир Марказий Осиё давлатлари билан кўпроқ интеграция қилиш учун Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон орқали ўтувчи темирйўлга эътибор қаратмоқда. Бу йўл ҳам Каспий денгизига чиқади. Лекин Хитой учун Жанубий коридор ҳам мавжуд. Бу Покистон орқали Эронга чиқиш йўли ҳисобланади. Яъни асосий юкларни юзага келтирадиган Хитой учун имкониятлар жуда катта. Европа учун ҳам Хитой маҳсулотларининг қандай йўл билан келиши у даражада аҳамиятга эга эмас. Лекин биз учун жуда муҳим. Марказий Осиё давлатларининг барчасидан бу йўллар ўтгани учун ҳамма бир-бири билан рақобатда.
Наргиза Умарова:
— Россия-Украина уруши Евросиё минтақасидаги транспорт йўлакларининг архитектурасининг кескин ўзгаришига сабаб бўлди. Ва бу жараён ҳали ҳам давом этмоқда. Бу фонда Марказий Осиё давлатларининг барчаси транзит салоҳиятини ошириш, транспорт йўлакларини диверсификация қилиш ва халқаро транспорт йўлакларига интеграция қилиш учун уникал имкониятга эга бўлди.
Дунё савдосининг 85 фоизи денгиз йўллари орқали амалга оширилади. Лекин Фаластиндаги можаро фонида Қизил денгизда бўлаётган воқеалар денгиз йўлларига катта хавфларни келтириб чиқарди. Бундан ташқари, Панама каналида сув сатҳининг камайиши айрим муаммоларни келтириб чиқарди. Яъни борган сари денгиз йўлларининг нархи қимматлашиб бормоқда. Натижада Хитой қуруқликдан ўтувчи йўлларга катта эътибор беришни бошлади. Ҳозир Хитой Россия орқали Европага чиқа олмайди. Шунинг учун Хитой Марказий Осиё мамлакатларидан бирини кесиб ўтишга мажбур. География буни тақозо қилмоқда. Шу боисдан салоҳияти анча паст деб баҳоланаётган транскаспий йўлаги тобора долзарб аҳамият касб этиб бормоқда. Шунинг билан бу йўлакдаги муаммолар кўзга ташланиб қолди. Бу йўлак ишлашидан энг кўп манфаатдор бу — Европа Иттифоқи. Европадаги савдо ҳажмини ушлаб туриш учун узлуксиз маҳсулот етказиб бериш керак. Шу боисдан Марказий Осиёдаги инфраструктурани яхшилаш учун Европа Иттифоқи 10 миллиард доллар ажратишни маълум қилди. Бу коридорнинг жозибадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Транскаспий халқаро транспорт йўлагининг яна бир муҳим жиҳати, бу лойиҳа минтақалар ўртасида савдонинг интенсивлашишига туртки бермоқда. Чунки бу йўллар минтақа давлатларини ўзаро транспорт боғлиқлиги масаласидаги муаммоларга ечим бўлиб хизмат қилмоқда. Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темирйўли бу борада вазиятни яна ҳам ўзгартиради.
— Қирғизистон расмийлари Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темирйўлининг қурилиш жараёнлари жорий йилнинг август ойидан бошланишини эълон қилди. Лекин ҳозирча бизнинг расмий хабарларимизда бундай маълумот учрамайди.
Абдулла Абдуқодиров:
— Менимча, кўп нарсалар ҳали келишилмаган. Ҳатто хариталарга қарасангиз ҳам, фарқларни кўрасиз. Масалан, Ўзбекистон тақдим этаётган лойиҳа харитасида темирйўллар Қирғизистоннинг жанубий ҳудудлари Ўш ва Жалолобод шаҳарларидан ўтиб, Ўзбекистонга киради. Лекин Қирғизистон тақдим этаётган лойиҳа харитасида темирйўл Қирғизистоннинг шимолий ҳудудлари (асосан тоғли ерлар)дан ўтиши кўрсатилган. Агар темирйўл Қирғизистоннинг шимолидан ўца, лойиҳанинг нархи 2-3 баробарга ўсиб кетади. Ҳозиргача учала томон ҳам битта фикрни айтганича йўқ. Томонларнинг айтаётган гапларига қулоқ солсангиз, бир-биридан фарқ қилади.
Мен Наргизахоннинг бу йўллар Европа Иттифоқи учун жуда муҳим, деган фикрларига қўшила олмайман. Бу йўл кўпроқ Хитойга муҳимроқ. Нега? Чунки Хитой бугунги кунда дунёнинг 2-рақамли иқтисоди. Асосий истеъмол маҳсулотлари Хитой ва Жанубий Осиёдан ўтади. Хитой учун муаммо — 60 фоизи ташқи савдодаги маҳсулотлари Малайзия, Сингапур ва Индонезия ўртасидаги ороллардан иборат йўллардан ўтади. Сингапурда АҚШнинг ҳарбий истеҳкоми жойлашган. Агар шу йўлак ёпиб қўйилса, Хитойнинг ташқи савдосига катта зарар етади. Шунинг учун ҳам Хитой қуруқлик йўлларидаги йўлларга эътибор қаратмоқда.
Бугунги кунда Хитой ўзининг иқтисодиётини бутун дунёга битта дарча сифатида тавсия қилмоқда. Яъни Хитой лойиҳани режалаштириш, лойиҳани амалга ошириш учун барча техникаларни бериш, объектни қуриб бериш ва назорат қилишни ўз бўйнига олувчи давлат сифатида ўзини бутун дунёга тавсия қилмоқда. Бу нарса Европада йўқ. Битта мамлакат билан ҳамма нарсани ҳал қила олмайсиз.
— Бу Хитойга боғлиқликни ошириб қўймайдими?
Абдулла Абдуқодиров:
— Албатта, аслида Хитойнинг энг катта мақсади ҳам шу. Яъни бутун дунё иқтисодиётини ўзида жамлаштириш ва ўзига боғлиқликни ошириш.
— Ўзбекистон орқали ўтувчи темирйўл қай даражада Хитой учун жозибадор?
Наргиза Умарова:
— Менимча, Қирғизистон ва Ўзбекистон орқали ўтувчи темирйўл Хитой учун биринчи даражали эмас. Хитой 2013 йилдан бери глобал лойиҳа ҳисобланган — “Бир камар, бир йўл” лойиҳасини илгари сурмоқда. Бу лойиҳанинг энг асосий йўналишларидан бири — Покистон орқали Эронга чиқиш. Бундан ташқари, Хитой учун Ҳиндистонга чиқиш муҳим ҳисобланади. Бу йўналиш бўйича ҳам айрим лойиҳалар мавжуд.
Хитой учун ҳам, ва бошқа глобал ўйинчилар учун ҳам Марказий Осиё давлатлари бир кичик заррадек. Ҳозир бизда имконият бор. Хитой—Қириғизистон—Ўзбекистон темирйўл лойиҳаси кеча пайдо бўлиб қолмади. Бу лойиҳани 25 йилдан бери судраб келишган. Аммо Евросиё минтақасидаги геосиёсий ўзгаришлар бу лойиҳани жонлантириб юборди. Агар геосиёсий ўзгариш рўй бермаганида, менимча, бу лойиҳа ҳали ҳам ҳавода осилиб турган бўлар эди.
Бу лойиҳа Ўзбекистон учун принципиал аҳамиятга эга. Сабаби Ўзбекистоннинг оёғидан чалаётган фактор бу — география. Ҳатто Ўзбекистоннинг Каспий денгизига тўғридан тўғри чиқиш имконияти йўқ. Бундан ташқари, Хитой ва Европа ўртасидаги савдо айланмасида Марказий Осиё давлатларининг ролини олиб қарасак, бунда 100 фоиз Қозоғистон тош босади. Чунки Қозоғистон ҳам Хитой билан, ҳам Россия билан чегарага эга. Шунинг учун география Қозоғистонга катта имконият бермоқда.
Абдулла Абдуқодиров:
— Лекин шунга қарамай, Марказий Осиё мамлакатлари ичида ҳам Афғонистон билан, ҳам Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон билан чегарага бўлган ягона давлат бу — Ўзбекистон. Бу Ўзбекистон учун жуда катта имконият.
Суҳбатнинг тўлиқ версиясини “Дарё”нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
Изоҳ (0)