«Дарё» ўтиб бораётган ҳафтада дунё матбуотида эълон қилинган ва муҳокама марказида бўлган мақолалар шарҳи билан таништиради.
Нега Исроил Озарбайжонни қўллаш керак демоқда?
Исроил Тоғли Қорабоғдаги воқеаларга бефарқ қарай олмайди. Исроил Озарбайжоннинг стратегик иттифоқчиларидан биридир, деб ёзади The Jerusalem Post нашри. Озарбайжон ва Исроил ўртасидаги стратегик иттифоқчилик тарихий илдизга эга: 600 мингдан зиёд озарбайжонлик нацист тузумга қарши курашда иштирок этган; озарларнинг ярмидан кўпи уйига қайтмаган; Озарбайжон ўз нефти билан Гитлер Германиясини тор-мор этишда катта ҳисса қўшган эди.Аксар совет республикаларидан фарқли равишда, Озарбайжонда антисемитизм мавжуд бўлмади. Озарбайжондаги аксар яҳудийлар мамлакатдаги бағрикенглик ва диний эркинликдан баҳра олиб яшади. Яҳудийлар Озарбайжонда барча диний эркинликлардан эмин-эркин фойдаланди ва уларнинг эътиқодини ҳеч ким таъқиб этмади.
1992 йилда совет тузуми парчаланиб, МДҲ ташкил топган пайтда The Jerusalem Post нашри журналисти Эфраим Сне Исроил бош вазири Ицхоқ Раббиннинг вакили сифатида Озарбайжонга ташриф буюрди ва Эрон тарафидан Озарбайжонга бўладиган мавжуд хавфлар ҳақида маълум қилди. Дастлаб, журналист Бокуда, сўнг Ашхободда, кейин Дубайда ўзига хос музокаралар олиб борди. 1993 йилга келиб Исроил ва Озарбайжон ўртасида қайд қилинмаган Исроил ва Озарбайжон ўртасида стратегик ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
Мазкур иттифоққа кўра, икки тарафлама ҳамкорлик фақат нефть ва қурол-яроғ етказиб беришни ўз ичига олмай, Ҳайдар Алиев ҳукумати шиа жамоаси яшайдиган Озарбайжонда дунёвий, маърифатли ва ўз суверенитетига эга мамлакат қуришда Исроилнинг ёрдамини ҳам назарда тутарди. Исроил эса бу борада дўстона Озарбайжоннинг илк мустақиллик даврларида аксар масалаларда қўллаб-қувватлашини билдиради. Коронавирус муаммоси бартараф этилгач, Озарбайжон ҳукумати Исроил билан маданий, маърифий ва иқтисодий соҳаларда ҳамкорликни давом эттиришга бел боғлайди.
Туркия эса, ўз навбатида, Озарбайжоннинг маърифатли ва дунёвий жамият бўлишини истамай келади. Айнан шу жабҳада Туркиянинг турк тилли ҳамдўстлик мамлакатларидан нимани исташи ҳам кўзга ташланиб қоладигандек. Мисол учун, айни пайтда расмий Анқара Тоғли Қорабоғдаги вазиятни мусулмонлар ва христианлар ўртасидаги уруш сифатида дунёга кўрсатишга интилмоқда. Аммо Озарбайжон Ливия эмаслиги кундай равшан. Озарбайжон МДҲда етарли кучга эга бўлган мамлакатлардан бири саналади ва расмий Боку Туркиянинг аралашувисиз ҳам Тоғли Қорабоғдаги мураккаб вазиятни ҳал қила олиш имкониятига эга.
Тоғли Қорабоғдаги низо ортида Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлиги масаласи ётар экан, Арманистон ҳукуматининг 1988 ва 1994 йиллардаги сиёсий ҳаракати Совет Иттифоқи кўмагида амалга оширилгани инобатга олинса, мантиқсиздай. Ўша кезларда энди мустақилликка эришган Озарбайжоннинг заифлигидан фойдаланган Арманистон Озарбайжон ҳудудининг қарийб 20 фоиз ерларини советлар кўмагида босиб олишга эришганди.
Натижада арманилар босиб олган ҳудуддаги минглаб озарбайжонлар ўзларининг тарихий яшаб келган ҳудудларидан қочқин бўлди. 1994 йилда ўз ниҳоясига етган урушдан сўнг имзоланган битимдан сўнг на Россия, на Франция ва на АҚШ Тоғли Қорабоғ ҳудудидаги этник низоларга чек қўйишга ҳаракат қилди. Тоғли Қорабоғдаги жиддий инқироз унутилди ва унга кўз юмилди. Халқаро жамоатчилик Арманистондан Тоғли Қорабоғдаги воқеалар учун суриштирув ўтказмади.
Қизиқ жиҳати шундаки, Исроил ва Озарбайжон ўртасидаги тарихий параллеллик қуйидаги воқеада кўринади. 1979 йилда Исроил ва Миср ўртасида тузилган шартномага биноан Исроил Синай ярим оролини Мисрга топширди. 2005 йилда эса Исроил босиб олинган Ғазо қисмидан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетди, 8 мингга яқин яҳудий жамоалари ҳудуддан олиб чиқиб кетилди. Трамп маъқуллаган келишув имзоланса, Исроил Иордан дарёсининг ғарбий соҳилини тарк этишига тўғри келади. Арманистон ҳам айни пайтда Исроил дуч келган муаммога ўхшаш муаммога дуч келди. Фақат Арманистон буни эътироф этишни истамаяпти. Қисқа муддатли сулҳ битимлари эса икки мамлакат ўртасидаги низони яқин вақт оралиғида ҳал қилишга қодир эмас.
Путиннинг янги стратегияси қандай бўлади?
Рус халқи кўп йилдан бери тоталитар, тотал назорат зуғуми остида яшади ва бугун ҳам Путин ҳукуматининг зуғуми остида яшаб келишга мажбур бўлмоқда. Иқтисодиёт ортга қайтиб, рублнинг қадрсизланиши давом этмоқда, аҳоли коррупциявий схемаларнинг қурбонига айланиб бораётганда, давлатнинг юқори мансабини эгаллаган мулозимлари расмий Кремль қўл остида давлатнинг, халқнинг бойликларидан ўз билганларича фойдаланмоқда. Мамлакатда мухолифат ё чиқиштирилмайди, ё заҳарланади.Россия ҳақида гап кетганда, рус халқининг шведларга, кейин Наполеон Франциясига, кейинроқ эса фашист Германиясига қарши курашда матонат кўрсатгани олқишга лойиқ бўлса-да, бу мамлакат ўзига муносиб давлат бошқарувчисини сайлашда доим адашиб келган, деб ёзади The Washington Post нашри.
Рус адабиёт жаҳон адабиёти орасида етакчи мавқега эга. Рус адабиётининг ёрқин намояндалари Пушкин, Лермонтов, Лев Толстой, Фёдор Достоевский, Бунин, Булгаков, Шолохов, Рахманинов, Чайковский каби адабиёт ва мусиқа илми намояндалари рус номини жаҳонга танитди. Бироқ ҳозирга қадар рус халқи ўзларига муносиб бўлган, халқнинг дарди билан юрадиган давлат мулозимини тарбиялай олмагани ачинарли ҳолат ҳамдир. Танланган раҳбарлар эса халқнинг умидини оқлаш ўрнига ўз чўнтакларини бойитиш, сайловларни сотиб олиш билан овора.
Владимир Путин 20 йил мобайнида рус миллатининг эскирган қўнғироқларига урғу берган ҳолда, инсон ҳуқуқлари топталаётган жамиятга раҳбарлик қилиб келмоқда. Путин тарихни идеаллаштириш орқали рус халқининг ватанпарварлик туйғулари билан ўйнашмоқда, уларнинг нозик туйғуларини чертиб, ўйнамоқда.
Душанба куни АҚШ адлия вазирлигининг хавфсизлик бўйича бошқармаси бошлиғи ва АҚШ бош прокурори ўринбосари ўз баёнотида «Россиядан бошқа ҳеч қайси бир давлат кибервоситаларни қуролга айлантирмагани ва бу воситаларни хавфли қуролга айлантирмагани, Россия эса бу воситалардан ёвузлик ва масъулиятсизлик билан фойдаланаётгани ва буни арзимаган тактик афзалликка эришиш ҳамда қабиҳ истагини қондириш учун фойдаланаётгани» ҳақида маълум қилди. Бош прокурор ўринбосари бу гапи билан Россия 2016 йилда бўлгани каби ноябрь ойида ўтиши кутилаётган сиёсий жараёнларга ҳам аралашиши мумкинлиги ҳақида огоҳликка чақиргандай бўлди.
Савол туғилади: Путиннинг жиноий режими аслида қандай ишлайди?
Тақдим қилинган айбловларга кўра, Путиннинг махсус муҳандислари гуруҳи томонидан амалга оширилган хакерлик ҳужумлари орасида 2018 йилда Жанубий Кореяда қишки Олимпиада ўйинларига қарши қаратилган ҳар қандай саботаж ҳолатлари мисол бўлиши мумкин. Олимпиадага қарши киберҳужум нега Путинга керак бўлиб қолди? Айрим экспертлар назарида, рус ҳукумати бу орқали рус спортчиларининг ўз байроғи остида эмас, халқаро байроқ остида чиқишларига қарши саботаж уюштиришга эришмоқчи бўлди.
Нега? Ўша кезларда рус олимпия спорти ташкилоти допинг билан боғлиқ мисли кўрилмаган низолар остида кўмилиб қолди. Бу эса ҳаққоний ва ҳалол спортни шубҳа остига қўярди. Халқаро Олимпия қўмитаси эса рус спортчиларида аниқланган тавсия этилмаган моддаларнинг қон таркибидаги ошиқча миқдори натижасида Россия Олимпия қўмитасига ишончсизлик билдирди. Халқаро тергов бошланди. Натижада руслар бунга жавобан ўзларининг ноқонуний хакерлик ишларини авж олдирди. Бу худди барча ашёвий далиллар тўпланганда уйни ҳимоя қилиш ўрнига, уни ёқиб юбориш билан баробар ҳаракатга менгзаш мумкин.
Путин эса ўз режимини ҳимоя қилиш борасида бу билан тўхтамоқчи эмас. Федерал прокурорнинг фикрича, Россия армиясининг махсус хавфсизлик хизмати кучлари дунёнинг у ёки бу қисмида тартибсизликлар келтириб чиқаришга уринмоқда. Ғарб назарида, ҳозирда Путин айни қаҳратон қишнинг қоқ ўртасида украинлар учун табиий газ таъминотини узиб қўйишда, собиқ ФСБ жосуси Скрипалнинг заҳарланишида, Эммануэль Макроннинг президент сайловига аралашувида ҳамда Александр Навальнийнинг заҳарланишига оид масалаларда айбланмоқда. Бошқача қилиб қилиб айтганда, Путин режими халқаро тартибга қарши партизанлик уруши олиб бормоқда.
АҚШ ва Европа Иттифоқи эълон қилган иқтисодий жиловлашга қаратилган жазо чоралари эса расмий Кремлга таъсир қилмай келмоқда. Путин эса Россияни, қадимда бўлганидек, ўзининг чекига тушган император сифатида бошқариб келмоқда. Асрлар мобайнида шаклланган Толстой асаридаги рус қайсарлиги эса айнан рус халқининг ўзига панд бермоқда.
Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.
Изоҳ (0)