Польша чегарачилари 56 та буйракни ноқонуний сотишда айбланган украиналик аёлни ҳибсга олди. Эътиборлиси, у Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан 12 йилга озодликдан маҳрум этилганди. Бу ҳақда сешанба куни Польша прокуратураси маълум қилди.
Поляк расмийлари 35 ёшли аёлнинг исмини Ксениа П. деб очиқламоқда. У Интерполнинг қизил хабарномасига биноан Польша ва Украина чегарасидаги темир йўл ўтиш пунктида қўлга олинган. Бу ҳақда Прземйсл шаҳар прокуратураси вакили Марта Петковсканинг баёнотида сўз боради.
Расмийлар унинг нега Қозоғистонда эмаслиги ҳақида тушунтириш бермади. Маълумотларга кўра, у 2020 йил ноябрдан буён Интерпол қидирувида бўлган.
Тергов маълумотларига кўра, Ксениа П. 2017-2019 йилларда халқаро жиноий гуруҳ таркибида бўлиб, инсон аъзоларини ноқонуний равишда олиш ва қора бозорда сотиш билан шуғулланган.
Унинг Қозоғистон, Арманистон, Озарбайжон, Украина, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Таиланд фуқароларидан ноқонуний равишда 56 та буйрак олгани ва бу ишни даромад манбаига айлантиргани аниқланган.
Прокуратура аёлни Қозоғистонга экстрадиция қилиш учун бир ҳафталик қамоқ эҳтиёт чораси қўллаш бўйича судга илтимоснома киритди.
Изоҳ (0)