Археологлар Пасха байрами арафасида “Сўнгги кечки овқат” ўтказилган хонада бир қатор ноёб, кўп асрлик ёзувларни топди.

“Сўнгги кечки овқат”, шунингдек, Cеnacle номи билан ҳам танилган хона Қуддусдаги Сион тоғида жойлашган. Хона XII асрда салибчилар томонидан қурилган бўлса-да, зиёратчилар бу жойга IV асрдаёқ сиғинишни бошлашган.
Австрия Фанлар академияси 16 апрель куни Исроил қадимий ёдгорликлар идораси кўмагида янги кашфиёт эълон қилди. Археологлар бунда граффитининг 40 га яқин элементларини, шу жумладан, бешта гербни аниқлашга муваффақ бўлди. Бу ҳақда Fox News хабар қилмоқда.

Ёзувларнинг аксарияти ўрта асрларнинг охирларига тегишли.
Тадқиқотчилар бу жой ўтмишда кўплаб халқаро сайёҳларни ўзига жалб қилганини ва уларнинг бир қанчаси ўз она тилларида хабар қолдирганларини каш этдилар.
Шунингдек, чаён расми ҳам топилган. Бу расмнинг яралиши тахминан Султон Сулаймон I Қонуний 1523 йилда Cеnacle’ни забт этиб, уни масжидга айлантирган даврга тўғри келади.

Ёзувлар Сербия, ҳозирги Чехия ва Германия, шунингдек, Арманистон ва Суриядан келган зиёратчилар томонидан ёзилган. Бироқ граффитиларнинг аксарияти араб тилида сўзлашувчи насронийлар томонидан қолдирилган.
Топилган тасвирларнинг ажойибларидан бири қадаҳ, лаган ва Қуддус булочкасига ўхшаш тешик кулча расмларидир.
Тадқиқотчилар, шунингдек, “Рождество 1300” деб ёзилган арман ёзувини, “я ал-Ҳалабия” деб ёзилган араб ёзувини ҳам топди.

Аёлларга хос “я” қўшимчасининг икки марта ишлатилишига асосланиб, тадқиқотчилар бу Суриянинг Ҳалаб шаҳридан бўлган насроний зиёратчи аёлнинг граффитиси деган хулосага келишди. Бу эса уни замонавий давргача бўлган аёллар зиёратининг илк намунаси, дейилади баёнотда.
Тадқиқотчилар дастлаб ёзувларни лабораторияда таҳлил қилишдан олдин мултиспектрал фотография ва рефлекторли трансформацион тасвирлаш ёрдамида ҳужжатлаштирдилар. Кейин таҳлилчилар ёзувларни ўқиш мумкин бўлиши учун икки фотографик техникани рақамли равишда бирлаштиришди.
Пресс-релизда тарихчи Илья Берковичнинг айтишича, ёзувлар жамланганда зиёратчиларнинг географик келиб чиқиши ҳақида аниқ тасаввур яралади.
Маълумот учун, “Сўнгги кечки овқат” Инжилдаги маълумотларга кўра, Исо Масиҳ хочга михланишидан олдин Қуддусдаги ҳаворийлари билан баҳам кўрган охирги таомдир.
Изоҳ (0)