Сирдарё вилоятида 1,4 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган МЧЖ фош этилди, деб хабар бермоқда “Ўзэнергоинспекция”.

Маълум қилинишича, ҳолат “Ўзэнергоинспекция” Сирдарё вилоят ҳудудий бошқармаси, ДХХ ва вилоят прокуратураси ҳамкорлигида ўтказилган назорат тадбирида аниқланган. Сирдарё туманида жойлашган “О.М.Г.” МЧЖ электр қурилмалари учун ўрнатилган электр ҳисоблагичга ташқи таъсир кўрсатиб, ўзбошимчалик билан электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган.
Ушбу қоидабузарлик натижасида дастлабки ҳисоб-китобларга кўра электр таъминоти корхонасига 1 млрд 460 миллион сўмлик зарар етказилгани маълум бўлди.
Ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Бундай ҳолатлар сони ортиб бормоқда
Самарқанд вилоятидаги корхоналардан бири 553 миллион сўмлик электрдан ноқонуний фойдалангани аниқланганди. Шу билан бирга Қашқадарёда 177 млн сўмлик газ ва “свет”дан ноқонуний фойдаланган шахслар ушлангани хабар қилинганди.
Шунингдек, Қашқадарёда электрдан ноқонуний фойдаланган корхона давлатга 1 млрд сўмдан зиёд зарар етказган. Бундан ташқари, Тошкент, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида энергия ресурсларига ноқонуний уланиш ҳолатлари фош этилганди. Шунингдек:
- Бухорода 1,2 млрд сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди
- Қорақалпоғистоннинг учта ҳудудида 845 млн сўмлик газдан ноқонуний фойдаланилди
- Бухоро ва Жиззахда электрдан ноқонуний фойдаланганлар 360 млн сўмдан зиёд зарар етказди
- Учта вилоятда қарийб ярим млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдаланилди
Изоҳ (0)