Исроил Мисрга 35 миллиард долларлик табиий газ етказиб беради. Бу яҳудий давлати тарихидаги энг йирик экспорт шартномаси ҳисобланади. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Етказиб бериш Левиятан газ конидан 2040 йилгача давом этади. Бунда газ етказиб бериш икки босқичда амалга оширилади:
- Биринчи босқичда, яъни 2025 йилдан 20 миллиард куб метр газ етказилади;
- Иккинчи босқичда, Левиятан платформасининг кенгайтирилиши тугагач, яна 110 миллиард куб метр газ экспорт қилинади.
Газ кони тахминан 600 миллиард кубометр захирага эга. Левиятан резервуари 2020 йилда ишлаб чиқариш бошланганидан кўп ўтмай Мисрни таъминлай бошлади. Шу вақт мобайнида 23,5 миллиард куб метр газ етказиб берилди.
Миср — араб дунёсидаги энг кўп аҳолига эга давлат. Сўнгги икки йил давомида бу ерда молиявий инқироз ва газ танқислиги туфайли тез-тез электр узилишлари кузатилмоқда. Миср аввал Европага газ етказувчи марказ бўлишни режалаштирган эди, бироқ энди ўзи газ импорт қилаётган давлатга айланган. Сўнгги ойларда у 150-160 та суюлтирилган табиий газ юкини харид қилиш бўйича шартномалар тузди.
Изоҳ (0)