Ижтимоий тармоқларда Европага ишга юбориш ваъдаси билан пул олиб, фуқароларни алдаган фирма ҳақида видео тарқалди. Миграция агентлиги ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Тарқалган видеода “Adworld.уз” фирмаси одамлардан икки минг долларгача пул олгани айтилган. Оқибатда фуқаролар на визага эга бўлган, на Европага ишга жойлашган. Ҳатто тўлаган пулларини ҳам ололмай ойлаб сарсонлиги айтилган.
Миграция агентлиги “Adworld Group” МЧЖ фаолияти юзасидан текширув ўтказиб, қонунбузарлик ҳолатлари аниқланганини маълум қилди. Қайд этилишича, фирма фуқароларнинг хорижда ишга жойлаштириш хизматларини лицензиясиз амалга ошириб келган.
Текширув натижаларига кўра, “Adworld Group” МЧЖ ижтимоий тармоқларда Черногория, Сербия, Англия, Литва, Норвегия, Уммон ва Япония каби давлатлардаги иш ўринларини реклама қилган. Фуқароларга консалтинг баҳонасида, аслида хорижда ишга жойлаштириш хизматларини таклиф этган.
Мазкур фаолият “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги қонун талабларига зид равишда, лицензиясиз амалга оширилган.
“Ушбу компаниянинг ноқонуний фаолиятини айрим кўп сонли кузатувчиларга эга бўлган блогерлар ҳам ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб қилган. Блогерлар орқали берилган нотўғри реклама одамларда ишонч уйғотиб, кўплаб фуқаролар компания хизматларидан фойдаланиш учун пул тўлашга рози бўлган ва оқибатда алданиб қолган”, дейилади агентлик хабарида.
Маълум қилинишича, “Adworld Group” МЧЖга нисбатан 112,5 миллион сўм миқдорида жарима тайинланган. Жарима ихтиёрий равишда тўланмагани сабаб маблағни суд орқали ундириш ишлари бошланган.
Хорижда ишлаш истагидаги фуқаролардан Миграция агентлиги ёки фақат лицензияга эга, Хусусий бандлик агентликларига мурожаат қилиш сўралган.
“Telegram ёки Instagram’даги ҳар қандай “Европага иш”, “Японияга чиқиш” каби эълонларга ишонманг. Акс ҳолда, маблағингиз ва ҳуқуқларингиз ҳимоясиз қолади”, дея огоҳлантирган агентлик.
Аввалроқ Рақобат қўмитаси юқоридаги каби масала юзасидан расмий баёнот билан чиққанди. Қўмитага кўра, мурожаатларнинг аксарияти хорижда ишга ёки ўқишга жойлаш ваъдаси билан фуқаролардан пул олиб, қайтармаган ёки хизмат кўрматмаган фиркмалар устидан бўлган. Шундай фирмалар қаторида “Adworld Group”га нисбатан ҳам ҳуқуқий чора кўрилгани билдирилган.
Изоҳ (0)