Қорақалпоғистон ва икки вилоятда 1 млрд сўмдан зиёд қийматли табиий ресурслардан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди, деб хабар бермоқда Прокуратура департаменти.

Унга кўра, ҳолатлардан бири Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Андижон шаҳри бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда аниқланган. “А.С.” МЧЖ масъул шахслари “Пахтакор” МФЙ ҳудудидаги маъмурий биносида тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан тўғридан-тўғри уланиб, 425,9 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланган.
Департаментнинг Қува тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса “Қ.А.” МЧЖ раҳбари Р.Х. музлаткич биносида тижорат мақсадида ўзбошимчалик билан электр тармоғига тўғридан-тўғри уланиб, 387,5 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.
Шу каби департаментнинг Қонликўл тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда Беруний туманидаги ЯТТ “Э.Г.” савдо дўконида тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, 360,2 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Ўзбекистонда жорий йилда газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилиши оқибатида давлат манфаатларига 98 млрд сўм зарар етказилди.
Бундай ҳолатлар сони ортиб бормоқда
Аввалроқ Самарқанд вилоятидаги корхоналардан бири 553 миллион сўмлик электрдан ноқонуний фойдалангани аниқланганди. Шу билан бирга, Қашқадарёда 177 млн сўмлик газ ва “свет”дан ноқонуний фойдаланган шахслар ушлангани хабар қилинганди.
Шунингдек, Қашқадарёда электрдан ноқонуний фойдаланган корхона давлатга 1 млрд сўмдан зиёд зарар етказган. Бундан ташқари, Тошкент, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида энергия ресурсларига ноқонуний уланиш ҳолатлари фош этилганди. Шунингдек:
- Бухорода 1,2 млрд сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди
- Қорақалпоғистоннинг учта ҳудудида 845 млн сўмлик газдан ноқонуний фойдаланилди
- Бухоро ва Жиззахда электрдан ноқонуний фойдаланганлар 360 млн сўмдан зиёд зарар етказди
- Учта вилоятда қарийб ярим млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдаланилди
Газни ўғирлаётган оҳак цехлари
Март ойида Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида 4 млрд сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланилган яширин оҳак цехи фош этилган эди. Апрелда эса Фарғонада 69,4 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланган оҳак цехи аниқланган.
Май ойида эса яна Фарғонада 289 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланиб, оҳак цехи ташкил этилганлиги аниқланган эди. Август ойида Самарқандда 3,3 млрд сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланиб, оҳак цехи ташкил этган шахс ушланганди.
Сентябрда Фарғонада газдан ноқонуний фойдаланган оҳак цехи масъуллари давлатга 5,5 млрд сўмдан зиёд зарар етказди. Шу билан бирга, айнан Фарғона шаҳрида ноқонуний оҳак ишлаб чиқариш цехи ташкил қилиб, 544,6 млн сўмлик табиий газни ўғирлаганлар қўлга тушган эди.
Изоҳ (0)