Ҳар бир янги йил таниқли актёрларнинг карьерасида янги бир бурилиш бўлиб, улар ҳаётидаги энг яхши ролни ўйнаб, турли мукофотларни қўлга киритиши, ёки аксинча танқидлар остида қолиши мумкин. Келинг, 2024 йилда карьерасидаги энг ёмон ёки энг яхши ролини ўйнаган баъзи актёрларни кўриб чиқамиз.
Деми Мур — энг яхши роли (“Субстанция”)
Шу пайтгача эътиборга молик номинацияларга лойиқ кўрилмаган 62 ёшли Демі Мур кутилмаганда ўзининг энг яхши ролини ижро этди. Гарчи актриса қисман ўзини (аниқроғи, ҳаётининг ушбу босқичидаги карьерасини) ижро этган бўлса ҳам, фильм томошабинларга кучли таъсир қилди ва унинг актёрлик фаолиятидаги йилнинг энг таъсирли ижроларидан бирига айланди.
Ҳью Грант — энг яхши роли (“Бидъатчи”)
Романтик йигит ролларидан кейин ёқимсиз образларни гавдалантирган Ҳью Грант анча қизиқарли актёрга айланди. “Бидъатчи” триллерида яна ҳам қариган Грант ўзининг лектор образида томошабинни бир лаҳза ҳам экрандан узоқлаштирмайди. Унинг мулойимлиги ортида қандайдир қўрқинчли сир яширинганини кўриш ва айни вақтда икки қаҳрамон билан суҳбатлашишини кўрган томошабин фильмдан кўз узолмай қолади.
Кейт Бланшетт — энг ёмон роли (“Бордерлендс”)
Томошабинларнинг аксариятида фильм трейлери чиққандаёқ савол туғилди: нима учун Кейт Бланшетт каби таниқли драматик актриса бундай бемаъни кино учун шартнома имзолади? Балки у сценарийда биз билмаган бошқа нарсани кўргандир?
Афсуски ундай эмас. Бу ҳақиқий муваффақиятсизлик эди. Танқидчилар ҳам Бланшеттнинг истеъдоди беҳуда кетганини таъкидлашди. Фильмнинг ўзи паст рейтингга эга бўлди ва жуда кам даромад олиб келди. “Бордерлендс” номли ўйин ихлосмандлари эса фильмни кўргач ҳафсаласи пир бўлди.
Крис Ҳемсворт — энг яхши роли (“Фуриоса: Телба Макс йилномалари”)
Крис Ҳемсворт Тор образидан кейин ва ниҳоят бошқа қизиқарли рол ижро этди. Балки унинг янги қиёфаси эски образидан қутулишга ёрдам бергандир. Ишонч билан айтиш мумкинки, унинг ижросидаги Дементус йилнинг энг ёрқин ёвуз қаҳрамонларидан бири бўлди.
Ариана Гранде — энг яхши роли (“Ёвуз: Ғарб жодугари ҳақидаги эртак”)
Кўпчилик ушбу фильм бутунлай муваффақиятсиз чиқади, деб ўйлаган эди. Ёш Глинда ва Элфаба ҳақидаги “Оз мамлакатининг сеҳргари” приквели муваффақият қозонди. Айниқса, актрисалар Синтия Эриво ва Ариана Гранде бош ролларни қойилмақом ижро этишди.
Ариана Гранде аввало хонанда бўлса ҳам ушбу фильмда бош қаҳрамонлардан бирини гавдалантирди. У дастлаб худбин бўлиб, фильм давомида яхши томонга ўзгарадиган қизга нисбатан томошабинлар меҳрини уйғотиб, кутилмаганда Глинда образи билан барчани ўзига ром қилди.
Леди Гага — энг ёмон роли (“Жокер: икки кишилик телбалик”)
Ҳатто сиз ушбу фильмни томоша қилмаган бўлсангиз ҳам, биринчи қисми билан солиштирганда у қанчалик муваффақиятсиз чиққанини эшитган бўлсангиз керак. Албатта, бу ерда муаммо фақат Леди Гага ва унинг роли билан боғлиқ эмас. Аммо, бошқа томондан, у ролини ижро этишда ҳеч қандай ажабланарли маҳорат кўрсатмаган. Гага рол учун қўшиқ айтишни янгидан ўргангани, юқори даражада тайёргарлик кўргани ҳақида айтган. Бироқ бунинг натижасини кимдир сездими-йўқми — бу катта савол.
Дастлаб бу ролга Гагани танлаш жуда истиқболли ва қизиқарли кўринган эди, аммо у фильм билан бирга ғарқ бўлди. Бунга сабаблардан бири режиссёр ва сценарий муаллифи Тодд Филлипснинг Гага қаҳрамонига ёндашуви эди — уни орқа планга суриб қўйди. Кучли қаҳрамон тушунарсиз тарзда тасвирланганини кўрган томошабинларда ҳақли савол туғилди: “Бўлдими? Шу холосми?”
Изоҳ (0)