Корея Республикаси Қуролли кучлари Шимолий Корея чегарасида огоҳлантирувчи ўт очди. Пхеньян бу ҳодисани провокация деб баҳоламоқда. Бу ҳақда Корея халқ армияси (КХА) Бош штаби бошлиғи ўринбосари Ко Чон Чхол маълум қилди.

“19 август куни Корея Республикаси армиясининг ҳарбий мутаассиблари жиддий провокация содир этди. Жанубий чегара чизиғи яқинида доимий тўсиқлар қураётган ҳарбий хизматчиларимизнинг ҳаракатларига жавобан 12,7 миллиметрли йирик калибрли пулемётдан 10 дан ортиқ огоҳлантирувчи ўқ узишди”, деди генерал-лейтенант.
У бу воқеа Ulchi Freedom Shield Америка—Жанубий Корея ҳарбий машқлари фонида содир бўлганини таъкидлаган.
“Бундай ҳаракатлар жуда ташвишли аломат бўлиб, улкан қуролли кучлар бир-бирига қарама-қарши турган жанубий чегара ҳудудидаги вазиятни назорат қилиб бўлмайдиган ҳолатга олиб келиши мумкин. Бизнинг армиямиз ҳозирги вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда”, деган Ко Чон Чхол.
Унинг тушунтиришича, КХДР “жанубий чегарани тўсиб қўйиш” ва ҳудудий чегараланиш учун тўсиқлар қурмоқда. Бу охир-оқибат “кескинликнинг асосий омилини бартараф этади ва ҳеч кимга таҳдид солмайди”.
Генерал Пхеньян Корея Республикаси Қуролли кучлари устидан назоратни сақлаб қолган Америка томонини камида икки марта – 25 июнь ва 18 июль кунлари қурилиш ишлари олиб борилаётгани ҳақида хабардор қилганини эслатган.
Бундан аввал Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин мамлакатнинг ядровий қуролларини тезкор равишда кенгайтириши кераклиги борасида топшириқ бергани хабар қилинганди.
Изоҳ (0)