Навоий вилоятида солиқчилар томонидан ноқонуний ундирилган 2 миллиард сўм тадбиркорга қайтарилди. Бу ҳақда Бизнес-омбудсман “Дарё”га хабар берди.

Келтирилишича, Навоий вилоятида фаолият юритувчи “Учқудуқ” (номи ўзгартирилган) МЧЖ раҳбарининг Вакил девонига қилган мурожаатидан сўнг, тадбиркор ҳисобидан ноқонуний ечиб олинган маблағ қайтарилди.
Маълумотларга кўра, вилоят солиқ бошқармаси буйруғига асосан ўтказилган солиқ аудити натижасида жамиятга 2 миллиард сўмдан ортиқ қўшимча солиқ ва жарималар ҳисобланиб, ушбу маблағ ҳисоб рақамидан ундириб олинган.
Суднинг ҳал қилув қарорида солиқ органи қарори ҳақиқий эмас деб топилганига қарамай, маблағлар тадбиркор ихтиёрига ўз вақтида қайтарилмаган.
Ўрганиш натижасида текширув жараёнида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди ва масъул мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жарима чораси қўлланилди. Шунингдек, тадбиркор ҳисоб рақамига 2 миллиард 160 миллион сўм маблағ қайтарилиши таъминланди.
Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунчилик талабларига қатъий риоя этилиши таъкидланган.
Изоҳ (0)