Бухорода газ портлаши оқибатида икки киши вафот этди
Бухоро вилояти, Жондор туманидаги хонадонлардан бирида 17 ноябрь куни соат 5:30 ларда ис гази чиқиши оқибатида ёнғин келиб чиққан. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати “Дарё”га хабар берди.
Ҳодиса оқибатида ота-она ва уларнинг икки нафар қизи куйиш жароҳати билан тез тиббий ёрдамга мурожаат қилган. 21 ноябрь куни она шифохонада вафот этган. Кейинроқ эса ота ҳам вафот этди.
Ушбу ҳолат юзасидан 22 ноябрь куни Жиноят кодексининг 259-моддаси (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда ички ишлар органлари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистонда 2024 йил бошидан буён газ билан боғлиқ ҳолатлар сабаб 82 киши вафот этгани ҳақида хабар берилганди.
Ис газидан вафот этаётган фуқаролар
2023 йил октябрь ойида Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги хонадонларнинг бирида уч киши ис газидан заҳарланиб вафот этганди. Февраль охирида эса Сурхондарёнинг Бойсун туманида бир оиланинг 5 нафар аъзоси ис газидан вафот этгани тўғрисида хабар берилган эди.
2024 йил март ойида Фарғона вилояти Бешариқ туманида бир оиланинг уч аъзоси ис газидан заҳарланиб вафот этганди. Шунингдек, Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида эр-хотин ис газидан вафот этди.
Октябрь ойида Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида уч киши ис газидан заҳарланиб вафот этганди. Ноябрь ойи аввалида Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида 4 киши ис газидан заҳарланиб вафот этди.
Аввалроқ Наманган вилоятининг Поп туманида бир оиланинг 3 нафар аъзоси ис газидан заҳарланиб вафот этгани хабар қилинганди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги республика аҳолиси ҳамда ташкилот, корхона ва муассасалар раҳбарларига мурожаат билан чиқиб, кунлар совиши натижасида электр, газ ёки бошқа ёқилғида ишлайдиган иситиш мосламаларидан фойдаланишда эътиборсизлик туфайли ис газидан заҳарланиш, ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши ва ёнғинлар содир бўлиши мумкинлигини билдириб, бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида тавсиялар берган эди.
Изоҳ (0)