Давлат хавфсизлик хизмати Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида икки киши фирибгарлик билан пора олаётганида қўлга тушганини маълум қилди.

Маълум қилинишича, Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи икки нафар фуқаронинг 2025 йил июль ойида Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Шаҳрисабз ва Чироқчи туманлари бўлимларини касбийлаштирилган ёнғин-қутқарув қисмларига ҳайдовчи вазифасига ишга қабул қилинганликларидан фойдаланиб, гўёки уларнинг ишга киришларида кўмаклашганини рўкач қилиб, 6 минг доллар талаб қилган.
ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда мазкур мансабдор шахс Шаҳрисабз туман ФВБ маъмурий биносида сўралган пул маблағидан 3,5 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 168 (фирибгарлик) ва 211-моддалари (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бу каби қонунбузилиш ҳолати Фарғона вилоятида ҳам қайд этилди. Хусусан, Марғилон шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бош мутахассиси фуқарога давлат хусусий шерикчилик асосида боғча очиши учун вазирликда ишловчи танишлари орқали рухсатнома олиб бериш эвазига хизмат хонасида 2 минг доллари олган вақтида ДХХ ва ИЖҚКД ходимлари томонидан ушланди.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 168 (фирибгарлик) ва 211-моддалари (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
11 август куни ДХХ Бухоро, Тошкент шаҳри ва вилояти ҳудудларида ички ишлар органлари ходимлари пора олаётганда ушланганини маълум қилганди.
Изоҳ (0)