Танзаниянинг Муҳимбили миллий касалхонаси шифокорлари ноодатий ҳолатга дуч келди. 44 ёшли эркак кўкрак қисмида ўз-ўзидан жароҳат пайдо бўлгани учун тиббиёт ходимларига мурожаат қилди. У ҳеч қандай оғриқ, йўтал ёки иситма каби белгиларни сезмаган, соғлиғи ҳам нормал бўлган — эркакни фақат йиринг безовта қилган, деб ёзади The Mirror нашри.
Сўнг текширув давомида шифокорлар ҳайратланарли топилмага дуч келган — рентгенда унинг кўкрагига пичоқ санчилгани аниқланган.

Мутахассислар бунинг сабабини тушунолмай турганда бемор бундан 10 йил аввал бўлиб ўтган можаро ҳақида сўзлаб берган. Ўша пайтда у бир нечта эркак билан ёқалашиб, кўплаб тан жароҳатлари олган. Аммо яралари даволаниб, тез орада соғайиб кетган. Фақат сўнгги бир неча ҳафта ичида йиринг пайдо бўлиб, кўпайгач, эркак тиббий текширувдан ўтишга қарор қилган.
Рентген аппарати эса унинг кўкрак қафасида катта пичоқ тиғи қотиб қолганлигини аниқлаган. Тиғ ўнг куракдан кириб, ҳаёт учун муҳим аъзоларга тегмаган, шу сабабли эркак ўзини яхши ҳис қилган.

Пичоқ операция орқали олиб ташланди, йиринг ҳам тозаланди. Бемор бир сутка реанимацияда ва 10 кун оддий палатада даволанди. Сўнг шифокорлар унинг тўлиқ соғайганини маълум қилди.
Изоҳ (0)