Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги айрим оилаларга ичимлик суви бўйича харажатларини қоплаш учун субсидия берилади.

Ҳукуматнинг 2025 йил 14 августдаги қарори билан ушбу субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Унга кўра, қуйидаги харажатларини қоплаш учун субсидия берилади:
- турар жойида артезиан қудуғи қазиш;
- сув насослари ва ичимлик суви филтрларини харид қилиш ҳамда ўрнатиш.
Субсидия мазкур харажатларнинг 90 фоизи, бироқ БҲМнинг 30 бараваридан (12 миллион 360 минг сўмдан) кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун ажратилади.
Ушбу хизматлар “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимининг Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга кўмаклашувчи тадбиркорлик субъектлари реестрига киритилган тадбиркорлар томонидан амалга оширилади.
Субсидия олувчиларнинг вояга етган муомалага лаёқатли аъзоси ёки қонуний вакили “Инсон” марказларига борган ҳолда ёки маҳалладаги ижтимоий ходимларга мурожаат қилиш орқали “ЯМИҲ” АТда рўйхатдан ўтиши мумкин. Бунда “Инсон” маркази ходими ёки ижтимоий ходим субсидия олувчиларнинг вояга етган муомалага лаёқатли аъзоси ёки унинг қонуний вакили номидан “ЯМИҲ” АТда рўйхатдан ўтиш бўйича сўров юборади.
Тадбиркор белгиланган муддатда субсидия олувчиларнинг турар жойига етиб бориши ҳамда артезиан қудуғини қазиши, сув насоси ва ичимлик сув филтрини ўрнатиши лозим. Ишчи гуруҳ томонидан субсидия ажратиш маъқуллангани ёки рад этилгани тўғрисидаги хабар “ЯМИҲ” АТга автоматик равишда юборилади.
Субсидия олувчилар томонидан низомга мувофиқ ажратилган субсидия асосида харид қилинган сув насоси ва ичимлик сув филтрини бошқа шахсларга фойдаланиш учун бериш ёки совға қилиш ҳамда сотиш қатъиян тақиқланади.
Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида муҳтож оилаларга бир марта бериладиган моддий ёрдам ўрнига Камбағал оилалар реестрига киртилган оилаларга турар жойида артезиан қудуғи қазиш, сув насосларини ўрнатиш ҳамда ичимлик суви филтрларини харид қилиш харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш президентнинг 2025 йил 30 январдаги фармони билан жорий этилганди.
Изоҳ (0)