Жорий йил 1 ноябрдан 2025 йил 1 апрелгача Ўзбекистондаги банкларда онлайн кредит ажратиш бўйича вақтинчалик тартиб йўлга қўйилади. Бу ҳақда 7 октябрь куни Марказий банк вакиллари ва журналистлар мулоқотида маълум қилинди, дея хабар берди “Дарё” мухбири.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида фирибгарлик йўли билан фуқаролар номига онлайн кредит ажратиш орқали 463 та ҳолатда қарийб 15 миллиард сўм миқдорда моддий зарар етказилган.
Марказий банк Киберхавфсизлик маркази раҳбари Олимжон Толиповнинг айтишича, мамлакатда фирибгарлар томонидан фуқаролар номига онлайн кредит олиш жинояти кўпайган. Оқибатда айрим одамлар емаган сомсага пул тўлашга мажбур бўлмоқда. Бу ҳолат, айниқса, аввал кредит олмаган, ишонувчан одамларда кўп учраяпти. Шу боис банк карталари билан боғлиқ шубҳали операцияларнинг олдини олиш учун жисмоний шахсларга онлайн кредит ажратиш бўйича вақтинчалик тартиб жорий этилади.
“Эндиликда фуқаролардан кредит ташкилотининг мобил иловаси орқали кредит ажратиш бўйича ариза юбориш жараёнида биометрик идентификациядан ўтиш талаб этилади. Бу кредит олиш учун ариза фуқаронинг шахсан ўзи томонидан берилганини аниқлаш ва унинг шахсига яна бир бор ойдинлик киритиш учун керак. Шу билан бирга, фуқаро томонидан кредит олишга ариза юборилгандан сўнг унинг кредит тарихи 2 босқичда (ариза тушгандан сўнг ҳамда кредит маблағлари ажратилишидан олдин) ўрганилади. Текширув натижасига кўра, мижознинг қарз юки ошгани ёки муддати ўтган қарздорлик мавжудлиги аниқланса, кредит ажратиш рад этилиши ёки бошқа суммада ажратилиши тўғрисида хабар берилади”, дейди Марказий банк вакили.
Маълум қилинишича, мазкур тизим фирибгарлар алдовига учган фуқаролар номига бир нечта кредит ташкилотларидан кредит маблағлари ажратилишининг олдини олади.
Бундан ташқари, фуқаро кредит ташкилоти мобил иловасида янги рўйхатдан ўца ёки мавжуд аккаунтга бошқа қурилмадан кирса, унга биринчи онлайн кредит ажратилганидан бошлаб қўшимча тасдиқдан ўтиши лозим. Бунда P2P амалиётлар, жисмоний шахслар ҳисобварақлари ва электрон ҳамёнларга ўтказмалар, мобил алоқа операторлари орқали телефон рақами ҳисобини тўлдириш, чет эл ўтказмалари ҳамда онлайн валюта айирбошлаш учун сарфлашга қўйилган чекловни ечиш учун 48 соат ичида ташкилот билан боғланиши керак. Бунинг учун мижоз кредит ташкилоти томонидан юборилган SMS-хабарда қайд этилган телефон рақамларига қўнғироқ қилади. Кредитни фирибгарлар таъсирисиз олганини айтади. Ташкилот ходими эса мижоз билан қайта боғланиб, берилган маълумотлар тўғрилигини текширади ва қўшимча тасдиқдан ўтказади.
Мазкур чекловлар ажратилган кредит маблағларини фуқаро ўз ихтиёрига кўра нақдлаштириш ёки товар ва хизматлар учун тўловларни амалга оширишга таъсир кўрсатмайди.
Агар 48 соат ичида кредит олишга ариза мижоз томонидан фирибгарлар таъсирида берилгани аниқланса ёки мижоз қўшимча тасдиқдан ўтишни амалга оширмаса, кредит шартномаси бекор қилинади ва кредит ажратиш жараёни тўхтатилади.
Фирибгарлар қўлида дроп карталар кўп. Яъни моддий манфаат эвазига айрим шахслар ўз картасини уларга сотган. Алданган фуқаролар номига олинган кредит маблағлари ўша карталарга ўтказилади. Фирибгарлар у пулларни криптовалютага алмаштиради. P2Pни тартибга солиш орқали муаммога ечим топиш мумкин. Фирибгар одамларни алдагани каби, банкни ҳам алмадамаслиги керак. Шунинг учун банк ходими мижозга қайта алоқага чиқади. Агар фирибгар тузоғига тушган одам бўлса, “мен кредит олмадим”, дейиши мумкин. Шунда кредит бериш тўхтатилади. Мақсад—шубҳали онлайн кредитларнинг олдини олиш, фуқароларни фирибгарлар тузоғидан асрашдир. Банк ходими мижоз билан боғланиб, унга кимдир кредит олишни тайинламаганига, нега қарз олаётганига аниқлик киритади. Асосий ғоя—мижоз кредитни мутақил, онгли равишда ўзига олаётганига ишонч ҳосил қилиш, деди Олимжон Толипов.
Марказий банк ушбу турдаги фирибгарликларнинг олдини олиш мақсадида бир қатор ривожланган давлатлар тажрибаси ўрганиб чиқилганини очиқлади. Қайд этилишича, онлайн кредит ажратишда фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш учун Евроиттифоқ, Австралия ва Россияда 14 календарь кунлик, АҚШда 3 календарь кунлик, Канадада 2 календарь кунлик “совиш” даври амалиёти мавжуд.
Аввалроқ Марказий банкнинг Киберхавфсизлик маркази бошлиғи ўринбосари Даврон Абдуллаев “Дарё” мухбирига берган интервьюсида кибержиноятлар ортишига асосий сабаб аҳолида молиявий саводхонлик етишмаётгани билан боғлиқлигини айтганди.
Фирибгарлар “Марказий банкданман”, деб қўнғироқ қилса, аҳоли “Марказий банк кредит билан шуғулланаркан”, деб ўйлаб қолмоқда. Кейин телефонига келган кодлар ва “доступ”ни фирибгарларга бериб қўймоқда. Кредит билан шуғулланиш Марказий банк фаолиятига кирмайди. Аҳолимизга телефон қилаётган фирибгарлар асосан руслар бўлмоқда. Улар ўзбекчани билмайди. Ўзбек фуқарога телефон қиляпти-да, рус тилида “мен Марказий банкданман”, деб ўзини таништиряпти. Ўзбек фуқароларда нега Марказий банк ходими бўлса, ўзбекча гапира олмаяпти, деган шубҳа ҳам пайдо бўлмаяпти. Фирибгарлар асосан чет элдан кибержиноят содир этмоқда. Ўзбекистондан эмас, деган у.
Аввалроқ 2024 йил I чорагида Ўзбекистонда 2-3 мингтагача кибер фирибгарлик жиноятлари содир этилгани хабар қилинганди. 2023 йилнинг январь–ноябрь ойларида эса 5 минг 500 та кибержиноят содир этилган. Шундан 70 фоизи банк карталари билан боғлиқ фирибгарлик ва ўғрилик жиноятлари ҳисобланади.
Изоҳ (0)