«Дарё»ни Telegram’да ўқинг! Join!
23:48, 25.08.2020 122047

Ўзбекистонда 25 август куни 316 кишида коронавирус аниқланди. Биринчи марта 1 кунда 8 киши вафот этгани маълум қилинди

Ўзбекистонда 24 август соат 23:30 дан 25 август соат 23:00 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 316 та ҳолат қайд этилди. Бу 8 июлдан бери энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 39664 нафарга етди.

ССВ ҳисоби бўйича 287, «Дарё» ҳисоби бўйича 297 киши коронавирус асоратларидан вафот этган.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланган 316 кишининг 206 нафари коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган:

  • Тошкент вилоятида — 114 нафар;
  • Тошкент шаҳрида — 61 нафар;
  • Самарқанд вилоятида — 12 нафар;
  • Бухоро вилоятида — 10 нафар;
  • Жиззах вилоятида — 4 нафар;
  • Қашқадарё вилоятида — 3 нафар;
  • Андижон вилоятида — 2 нафар.

Шунингдек, Ўртасарой карантин марказида хориждан келган 110 нафар фуқаро орасида COVID-19 аниқланган.

Кун давомида 7 та ҳудудда коронавирус юқтириб олиш ҳолати қайд этилди. 11 июлдан сўнг илк марта энг кўп касалланиш ҳолатлари (хориждан келгач карантинга олинганлар бу ҳисобга кирмаган) аниқланган ҳудудлар рўйхатида Тошкент шаҳри етакчилик қилмади.

Тошкент вилоятида 114 кишида COVID-19 аниқланди. Вилоятда 26 июлдан буён фақатгина бир марта — 23 август куни касалланиш ҳолатлари 100 тага етмади (61 та ҳолат). Август ойининг 25 куни ичида Тошкент вилоятида коронавирусга чалинганлар сони 3857 кишига кўпайди. Вилоятдаги жами касалланиш ҳолатлари 6641 нафарга етди. Бу Ўзбекистон бўйича касалланиш ҳолатларининг 16,7 фоизига тенгдир.

Тошкент шаҳрида 61 кишида коронавирус аниқланди. 11 июлдан сўнг биринчи марта Тошкент шаҳрида кунлик касалланиш ҳолатлари 100 тага етмади. Август ойида Тошкентда энг кўп касаллик аниқланган кунда (9 август) 509 кишида COVID-19 қайд этилганди. Август ойида пойтахтда (карантин зонасида аниқланган ҳолатларни ҳисобга олмаса) 9423 та янги ҳолат аниқланди. Пойтахтда аниқланган жами ҳолатлар 24155 тага етди. Ўзбекистон бўйича касалланганларнинг 60,9 фоизи ҳозирда Тошкент шаҳри ҳисобига тўғри келмоқда.

Самарқанд вилоятида 12 кишида коронавирус қайд этилди. Август ойининг ортда қолган 25 кунидан 19 тасида Самарқандда янги касалланиш ҳолатлари аниқланди. Бу кунларда 699 кишида COVID-19 қайд этилди. Вилоятда жами касалланганлар сони эса 1637 нафарга етди.

Бухоро вилоятида 10 кишида касаллик аниқланди. Вилоятда 16 августдан бери энди янги ҳолатлар рўйхатга олинди. Август ойида Бухорода коронавирусга чалиниш ҳолатлари 196 тага кўпайди, бу вилоятдаги жами касалланиш ҳолатларининг 19 фоизига тенгдир. Бухорода коронавирус юқтириб олганлар орасида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов ҳам бор эди, у 22 август куни Тошкент шаҳрида вафот этди.

Жиззах вилоятида 4 кишида коронавирус қайд этилди. Вилоятда бунгача август ойида фақат 3 марта янги ҳолатлар рўйхатга олинганди — 10 август куни 7 кишида, 20 август куни 3 кишида ва 22 август куни 1 кишида коронавирус аниқланганди. Жиззах коронавирус энг кам қайд этилган ҳудуд ҳисобланади. Ҳозирда вилоятдаги жами аниқланган ҳолатлар сони 155 тага етди. Бу энг кам касаллик қайд этилиши бўйича иккинчи ўриндаги Фарғона вилоятидаги беморлар сонидан ҳам 2 баравар кам одамда COVID-19 аниқланганини билдиради.

Қашқадарё вилоятида 3 кишида коронавирус аниқланди. Охирги 7 кун ичида вилоятда узлуксиз равишда вилоятда янги ҳолатлар рўйхатга олинди, аммо бу кунларда кунлик касалланиш ҳолатлари бирон марта ҳам 8 тадан ошмади. Август ойида Қашқадарёда 219 кишида коронавирус қайд этилди, бу вилоятдаги жами касалланиш ҳолатларининг 24 фоизига тенгдир.

Андижон вилоятида 2 кишида COVID-19 қайд этилди. Вилоятда охирги 40 кун ичида (17 июлдан бери) фақат 3 марта — 25 июль8 август ва 15 август кунлари янги касалланиш ҳолатлари аниқланмаган. Андижон вилоятида коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 1174 нафарга етди, бу бутун Ўзбекистон бўйича аниқланган беморларнинг қарийб 3 фоизига тенг деганидир.

Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

ССВ Тошкент шаҳрида 7 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этганини хабар қилди. Шунингдек, Маданият вазири Озодбек Назарбеков 73 ёшида вафот этган Ўзбекистон халқ артистининг вафотига ҳам коронавирус сабаб бўлганини маълум қилди. Шу тариқа, 25 августда 8 киши вафот этгани маълум бўлди. Бунча кўп ўлим илгари ҳеч ҳам қайд этилмаганди.

Биринчи ўлим. Олмазор туманида яшаган 65 ёшли Х.Х. исмли аёл вафот этган.

Иккинчи ўлим. Юнусобод туманида яшаган 40 ёшли Д.А. исмли аёл вафот этган.

Учинчи ўлим. Шайхонтоҳур туманида яшаган 79 ёшли Ғ.Ш. исмли эркак вафот этган.

Тўртинчи ўлим. Яшнобод туманида яшаган 49 ёшли Қ.А. исмли эркак вафот этган.

Бешинчи ўлим. Ўзбекистон халқ артисти Дилбар Икромова 73 ёшида вафот этди.

Дилбар Икромова.

Фото: YouTube

Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков актрисанинг ўлимига коронавирус сабаб бўлганини маълум қилди. Дилбар Икромова COVID-19 инфекциясини юқтириб олгач, комага тушиб қолган. У аввалига Зангиотадаги махсус шифохонада даволанган, аҳволи оғирлашгач эса Akfa Medline клиникасига олиб ўтилган. 25 август куни эса Дилбар Икромова оламдан ўтган.

Дилбар Икромованинг ўлимига коронавирус сабаб бўлгани ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳозирча хабар бермади.

Олтинчи ўлим. Олмазор туманида яшаган 63 ёшли М.З. исмли аёл вафот этган.

Еттинчи ўлим. Учтепа туманида яшаган 62 ёшли А.Т. исмли эркак вафот этган.

Саккизинчи ўлим. Сергели туманида яшаган 55 ёшли С.Б. исмли аёл вафот этган.

Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 287 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар берди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирусга чалингач, вафот этганлар сони 297 нафарни ташкил этмоқда. Давлат хизматлари агентлиги 15 июль куни Навоий вилоятидаги 61 ёшли ходими Адҳамжон Деҳқонов, Маданият вазирлиги эса 18 июль куни 32 ёшли ходими Акмал Ирисов коронавирус асоратларидан вафот этгани, Олмалиқ шаҳри ҳокимлиги 9 ва 15 июль кунлари шаҳар шифохоналарида вафот этган икки аёлда коронавирус тасдиқлангани ҳақида хабар берган. Шунингдек, 19 июль куни Чилонзор тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бактериология лабораторияси мудири 62 ёшли Марҳабо Аҳмедова, 22 июлда бош прокурорнинг собиқ ўринбосари, Қорақалпоғистон прокуратурасида бўлим бошлиғи бўлиб ишлаётган 66 ёшли Ҳакимбай Халимов коронавирус асоратларидан вафот этгани хабар қилинган. 31 июль куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди судьяси, 53 ёшли Хайриддин Шермуҳамедов, 1 август куни Тойлоқ тумани прокурори Фарҳод Абдухолиқов, Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси «Буюк келажак» кенгаши эксперти 53 ёшли Санжар Жалолов, Ўзбекистон халқ артисти Дилбар Икромова 73 ёшида вафот этгани хабар берилди. Бироқ ушбу 10 ҳолат ҳақида ССВ томонидан айни вақтгача ахборот берилмаган.

Таниқли режиссёр Сарвар Каримов ҳам 17 июль куни отаси коронавирус инфекциясидан вафот этгани, аммо унга ташхис қўйилмаганини маълум қилганди. Режиссёрнинг ўзи ва унинг бошқа оила аъзоларида коронавирус тасдиқланган. Шунингдек, 26 июль куни бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов 24 июль куни Самарқанддаги Ипак йўли халқаро туризм университетининг 33 ёшли магистранти Ўткир Темиров касалликдан вафот этганини айтган. Маълум бўлишича, марҳум ўзида COVID-19’нинг барча белгилари бўлса-да, тест ҳам топшира олмаган, касалхонага ҳам ёта олмаган. Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир тумани шифохонасининг 32 ёшли тез тиббий ёрдам ҳамшираси Алия Жиемуратова 28 июль куни коронавирусдан вафот этгани ҳақида «Makan.uz» хабар тарқатди.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3394 нафар бемордан 294 нафари оғир, 110 нафари эса ўта оғир аҳволда. Бир кун аввал аҳволи оғир ва ўта оғир беморларнинг умумий сони 414 нафарни ташкил этаётганди, энди эса 404 нафарга тушди. Бу орада эса 8 нафар беморнинг вафот этгани маълум бўлди, ССВ бу ҳолатлардан фақат 7 тасини тасдиқлади. Ҳозирда даволанишни давом эттираётганларнинг 11,9 фоизининг аҳволи оғир бўлиб турибди.

Касалликдан даволаниш

25 август куни Ўзбекистоннинг 8 та ҳудудида 432 киши коронавирусдан соғайди. Август ойида 22 марта соғайганлар сони кунлик касалланиш кўрсаткичидан юқори бўлмоқда.

  • 291 нафари Тошкент шаҳрида;
  • 117 нафари Тошкент вилоятида;
  • 6 нафари Андижон вилоятида;
  • 5 нафари Жиззах вилоятида;
  • 5 нафари Қашқадарё вилоятида;
  • 3 нафари Қорақалпоғистон Республикасида;
  • 3 нафари Наманган вилоятида;
  • 2 нафари Навоий вилоятида касалликдан фориғ бўлган.

Уларнинг қанчаси уй шароитида, қанчаси стационар шароитда даволанганига ССВ аниқлик киритмаган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси сабаб соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юкламани бир қадар енгиллатиш мақсадида 5 июлдан бошлаб коронавирус инфекцияси аломатсиз кечаётган беморларга уй шароитида даволанишга рухсат берилган, ушбу йўналишда йўриқнома ва эслатмалар ҳам эълон қилинган.

Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинганларга доир ахборотларида янги беморларнинг қанчасида касаллик аломатсиз (симптомсиз) кечаётганига аниқлик киритмаяпти, шу боисдан айни вақтда коронавирусдан даволанаётган беморларнинг қанчаси касалхоналарда қолаётгани, қанчаси уй шароитида даволанаётгани маълум эмас.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 39664 нафар бемордан 35983 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 90 фоизни ташкил этмоқдаБир кун аввал ҳам даволаниш кўрсаткичи 90 фоиз бўлганди. Бу энг юқори натижа ҳисобланади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлари бўйича айни пайтда 3394 нафар бемор COVID-19’дан даволанмоқда. 29 июль куни беморлар сони 9500 дан ортиқ эди. 30 июлдан бошлаб даволанаётган беморлар сони камая бошлади. Айни пайтда даволанаётган беморлар сони 5 июль кунидаги беморлар сонидан (ўша куни 3402 нафар бемор даволанаётганди) ҳам камайди.

Ҳозирда энг кўп бемор Тошкент шаҳрида даволанмоқда — 2580 нафар. Фарғонада 3, Жиззахда 7, Навоийда 11, Қорақалпоғистонда 14, Хоразмда 19, Андижонда 23, Сурхондарёда 25, Сирдарёда 26, Қашқадарёда 30, Бухорода 41, Наманганда 58, Самарқандда 114 ва Тошкент вилоятида 443 нафар бемор қолди.

Ҳозирда Тошкент шаҳридан бошқа барча ҳудудларда даволаниш кўрсаткичи 90 фоиздан юқори бўлиб турибди.

Изоҳ қолдиришдан аввал, қоидалар билан танишиб олинг: http://dy.uz/sBU7c

Бошқа янгиликлар