Ўзбекистонда 26 июнь соат 23:00 дан 27 июнь соат 23:30 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 255 та ҳолат қайд этилди. Беш кундан буён янги касалланганлар сони 200 нафардан ошмоқда. Бир кун ичида 255 кишида касаллик аниқланиши 25 июнда ўрнатилган рекорддан кейинги иккинчи натижа ҳисобланади. Икки кун аввал 276 кишида касаллик аниқланганди. Янги қайд этилган ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 7682 нафарга етди.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланганларнинг

  • 169 нафари карантин муассасаларида;
  • 54 нафари аҳоли орасида (Тошкент шаҳрида — 39 нафар, Тошкент вилоятида — 6 нафар, Сирдарё вилоятида — 4 нафар, Сурхондарё вилоятида — 4 нафар, Бухоро вилоятида — 1 нафар);
  • 32 нафари эса халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида (уларнинг бари Тошкент вилоятида) аниқланган.

Кун давомида 7 та ҳудудда янги касалланганлар қайд этилди. Ушбу ҳудудларнинг 5 тасида аҳоли орасида коронавирус аниқланди. 8 июнда аҳоли орасида коронавирус юқтириб олиш ҳолатлари 66 тани ташкил этганидан сўнг кунлик кўрсаткичлар 40 тага ҳам етмаётганди. 27 июнда эса аҳоли орасидаги 54 кишида касаллик аниқланди.

Тошкент шаҳрида кун давомида 64 та янги ҳолат қайд этилди. Пойтахтда 25 ва 24 июнь кунлари 69 нафардан одамда касаллик аниқланганидан сўнг 26 июнь куни касалланиш ҳолатлари камайиб, 26 кишида коронавирус аниқланганди. 27 июнь куни Тошкент шаҳрида аниқланган ҳолатларнинг 25 таси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида, 39 таси аҳоли орасида қайд этилди. Пойтахт яна аҳоли орасида касаллик аниқланиши бўйича етакчи бўлди. Кун давомида аҳоли орасида кимлар касалликни юқтириб олгани номаълум, бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги 26 июнь куни Тошкент шаҳрида аҳоли орасида қайд этилган 8 та ҳолат ҳақида маълумот берди.

Жумладан, Мирзо Улуғбек туманида яшовчи А.З.да (профилактика мақсадида намуна топширган), «Логистика универсал маркази» МЧЖ ходими Г.С.да, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ходими Ҳ.Қ.да (Тошкент вилояти Қибрай туманидаги қариндошининг уйига борган) касаллик аниқланган.

Шунингдек, Юнусобод туманида яшовчи Ш.А.да (профилактика мақсадида намуна топширган), шаҳар ички ишлар тизими ходими Ф.Г.да, пойтахтдаги автосарой кондуктори С.Д.да, Чилонзор туманида яшовчи М.Х.да (тана ҳарорати кўтарилганлиги сабабли намуна топширган) ҳам коронавирус инфекцияси аниқланган.

Вазирлик аҳоли орасида коронавирусга чалиниш хавфи юқорилиги боис пойтахт аҳолиси ва меҳмонларидан карантин қоидаларига қатъий амал қилишларини сўраган. ССВ автобус чиптачиси ҳақида тўлиқроқ маълумот бермагани учун блогер Отабек Бакиров танқид қилди.

Қайси автопарк, қайси маршрут, қайси кунлари ишга чиққан бу кондуктор — ҳеч қандай маълумот йўқ.

Нормал давлатда бундай ҳолда нима қилинади?

Нормал давлатнинг нормал Соғлиқни сақлаш вазирлиги, энг аввало, қурилиш гипсини тиббиёт гипси сифатида ишлатишга йўл қўймайди, кейин эса кондукторда коронавирус аниқланган заҳотиёқ, ўша соатларда бу ҳақда барчага очиқ ва ойдин, батафсил маълумот беради.

Жамоат транспорти кондукторида вирус аниқланса-ю, бу ҳақда 2 кун сукут сақлаш ҳозирги эпидемия шароитида нима бу? Яна 2 кун ўтиб, узуқ-юлуқ маълумотни худдики енгил ёмғир ёғгандек арзимас воқеа сифатида санаб ўтиш нима бу? Ўша кондуктор ишлаган эҳтимолий маршрут ва автобусда нечта фуқаро контактда бўлган? Уларнинг билишга, превентив тарзда яқинларини асрашга ҳақи борми?

Мен тушунмадим, булар ўзи вирус тарқалишига қарши курашишаяптими ёки вируснинг тезроқ ва кенгроқ тарқалишидан манфаатдорми?

@the_bakiroo

Тошкент вилоятида кун давомида 46 кишида касаллик аниқланди. Уларнинг 8 таси карантиндагилар орасида, 6 таси аҳоли орасида ва 32 таси халқаро юк ташувчи машина ҳайдовчиларида қайд этилди. Вилоятда кетма-кет 11-кун аҳоли орасида касаллик қайд этилмоқда. Тошкент вилоятида халқаро юк ташувчи машина ҳайдовчилари орасида 2 ҳафта ичида фақат 26 июнь куни янги ҳолат аниқланмади. Вилоятда 26 июнь куни аҳоли орасида касаллик қайд этилган 8 та ҳолатдан 5 таси ҳақида ССВ маълумот берди.

26 июнь куни Тошкент вилоятида яшовчи А.З.да (профилактика мақсадида намуна топширган), Қибрай туманида яшовчи С.А.да (тумандаги колбаса цехи ишчиси), Паркент туманида яшовчи Г.М.да, ушбу туманда яшовчи яна бир фуқаро Ж.Т.да (ҳар икки ҳолатда ҳам профилактика мақсадида намуна топширган) ва вилоятдаги «Ғишткўприк» чегара пости навбатчи эпидемиологи М.С.да касаллик аниқланган.

Сурхондарё вилоятида 26 та янги касалланиш ҳолати қайд этилди. Вилоят учун бу рекорд натижа ҳисобланади. Бунгача Сурхондарёда энг кўп касаллик апрель ойи ўрталарида қайд этилганди. Сурхондарёда илк марта коронавирус аниқланганида бирданига 23 киши касалликни юқтириб олгани маълум қилинганди. Сурхондарёда 27 июнь куни аниқланган ҳолатларнинг 22 таси карантиндагилар орасида, 4 таси эса аҳоли орасида қайд этилди. Янги касалланиш ҳолатларидан сўнг Сурхондарёда касалликка чалинганлар сони 101 нафарга етди. Энди касалланганлар сони 100 нафардан ошмаган ягона ҳудуд Жиззах бўлиб турибди. Ушбу вилоятда фақат 5 кишида касаллик аниқланган.

Сирдарё вилоятида қайд этилган 7 та ҳолатдан 3 таси хориждан кириб келган ва карантинга олинган фуқаролар орасида, 4 таси аҳоли орасида қайд этилди. Вилоятда 21, 23 ва 26 июнь кунлари ҳам аҳоли орасида касаллик аниқланган. Сирдарёда 26 июнь куни аҳоли орасида аниқланган ягона ҳолат Қозоғистондан қайтган фуқарода аниқланган.

Бухоро вилоятида қайд этилган 3 та ҳолатнинг 2 таси карантиндагилар орасида, яна биттаси аҳоли орасида аниқланди. Вилоятда 25101214151617, 21 ва 26 июнь кунлари ҳам янги касалланиш ҳолатлари қайд этилган, ушбу кунлар ичида 15 июндан бошқа барча кунларда аҳоли орасида коронавирус аниқланган. ССВ Бухорода 26 июнь куни аҳоли орасида қайд этилган ягона ҳолат Бухоро давлат университети магистри афғонистонлик М.Х.да аниқланганини маълум қилди. Аммо университет матбуот хизмати БухДУда афғонистонликлар ҳам, М.Х. тахаллусли магистрант ҳам таҳсил олмаслигини билдирди.

Навоий вилоятида 11 июнь куни аҳоли орасида 18 та касалланиш ҳолати қайд этилганидан сўнг вилоятда аниқланаётган янги ҳолатлар коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида қайд этилмоқда. 15 июнда 5, 18 июнда 6, 19 июнда 4 ва 24 июнда 5 кишида касаллик аниқланганди. 27 июнда қайд этилган 3 та ҳолат ҳам карантиндагилар орасида аниқланди.

Қорақалпоғистон Республикасида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида 2 кишида касаллик қайд этилди. Қорақалпоғистонда 23 июнь куни ҳам карантиндагилар орасидан 1 кишида касаллик аниқланган. Июнь ойи давомида ушбу ҳудудда карантиндагилар орасида бошқа касалланиш ҳолати кузатилмади, аҳоли орасида фақат 13 июнь куни 3 та ҳолат қайд этилди. Халқаро юк ташувчи машина ҳайдовчиларида эса 4 июнда битта, 11 июнда 2 та ва 13 июнда битта ҳолат аниқланди.

Касалликдан даволаниш

27 июнь давомида 202 нафар фуқаро соғайди. Уларнинг 184 нафари Тошкент шаҳри ва 18 нафари Хоразм вилоятидаги тиббиёт муассасаларида шифо топди. Ўзбекистонда бир кун ичида биринчи марта коронавирусдан соғайганлар сони 200 кишида ошди ва табиийки янги рекорд ўрнатилди. Бунгача 25 июндаги 192 кишининг соғайиши энг яхши натижа эди.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 7682 нафар бемордан 5240 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 68 фоизни ташкил этмоқда. Бир кун аввал бу борадаги кўрсаткич 67 фоизга тушиб кетганди.

17 июнь куни шифохоналардаги беморлар сони биринчи марта 1500 нафардан ошганди23 июнга келиб уларнинг сони 2000 нафардан ҳам ошди. Ҳозирга келиб Тошкент шаҳридаги беморларнинг ўзи 2000 нафардан ошди. Айни вақтда шифохоналардаги 2422 нафар бемордан 2001 нафари Тошкентдаги тиббиёт муассасаларида даволанмоқда (Сирдарё вилоятидаги беморлар ҳам Тошкент шаҳрига ўтказилган). Қолган 421 нафар бемор мамлакатнинг 10 ҳудудидаги шифохоналарда даволанмоқда.

Жиззахда 2, Қорақалпоғистонда 4, Андижонда 14, Наманганда 24, Бухорода 34, Самарқандда 40, Навоийда 46, Сурхондарёда 56, Хоразмда 60 ва Қашқадарёда 141 нафар бемор қолди. Фарғона вилояти коронавирусдан холи ягона ҳудуд бўлиб турибди.

Аҳволи оғир беморлар ва ўлим ҳолатлари

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2422 нафар бемордан 19 нафари оғир, 7 нафари эса ўта оғир аҳволда. Бир кун аввал беморларнинг 18 нафари оғир, 8 нафари эса ўта оғир аҳволда эди.

15 мартда эпидемия бошланганидан бери Ўзбекистонда 20 нафар бемор COVID-19 асоратлари оқибатида вафот этган. Июнь ойида 5 нафар бемор ҳаётдан кўз юмди. Коронавирусдан вафот этган деновлик аёлда чиндан ҳам коронавирус бўлганини Соғлиқни сақлаш вазирлиги аёлнинг ўлимидан 5 кун ўтиб тасдиқлаганди.

Қашқадарё вилоятининг Китоб тумани ҳокимлиги ҳам 31 майда ўлими қайд этилган фуқаро коронавирусдан вафот этганини 17 июнь куни маълум қилганди. Аммо Китобда вафот этган фуқарони Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусдан вафот этганлар рўйхатига киритмаган.

Карантиндагилар

Ҳозирда Ўзбекистонда уй карантинида 39 673 нафар, стационар карантинда эса 23 991 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди. Бир кун ичида уй карантинидаги фуқаролар сони 2296 нафарга, стационар карантиндаги фуқаролар сони 1903 нафарга кўпайди.