Хитой ҳукумати туғилиш даражасини ошириш мақсадида молиявий тўловлар ва оналарга бепул сут бериш орқали рағбатлантириш чораларини кўришга қарор қилди. Бу ҳақда Sinxua ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Агентлик маълумотларига кўра, болалар парвариши учун катта миқдордаги субсидиялар бутун Хитой бўйлаб мамлакатнинг туғилишни ошириш бўйича кенг қамровли саъй-ҳаракатлари доирасида тақдим этилмоқда. Хусусан, Хитой шимолида жойлашган Хух-Хото шаҳрида ота-оналарга 10 минг юан (тахминан 688 минг тенге) миқдорида бир марталик субсидия берилиши йўлга қўйилган.
Бундан ташқари, иккинчи фарзанд туғилганда, у 5 ёшга тўлгунга қадар ҳам худди шундай миқдорда пул тўланади. Айнан шу тўлов учинчи фарзанд учун 10 ёшга тўлгунига қадар амалга оширилади.
Маълум қилинишича, ушбу қарор Хитойнинг миллий қонун чиқарувчи органи бўлган Бутунхитой халқ вакиллари мажлиси ва Хитойнинг олий сиёсий маслаҳат органи — Хитой Халқ сиёсий маслаҳат кенгаши миллий қўмитаси сессияларидан сўнг қабул қилинган.
“Биз туғилиш даражасини ошириш сиёсатини ишлаб чиқамиз, болаларни парваришлаш учун субсидиялар берамиз, интеграциялашган боғча ва болалар парвариши хизматларини фаол ривожлантирамиз ҳамда ижтимоий аҳамиятга эга бўлган болалар парвариши хизматларини кўпайтирамиз”, дейилади ҳисоботда.
Соғлиқни сақлаш бўйича миллий комиссия маълумотларига кўра, Хитойнинг 20 дан ортиқ вилояти болаларни парваришлаш учун турли даражадаги субсидиялар тақдим этиш имкониятини ўрганиб чиққан. Бундан ташқари, Хитойда ҳомиладорлик ва туғуруқ таътили умумий ҳисобда 158 кундан кўпроққа узайтирилди.
Бундан ташқари, Ички Мўғулистон вилояти “Оналар учун бир стакан сут” дастурини ишга туширди. Дастурга кўра, 1 мартдан кейин фарзандли бўлган аёллар ҳар куни бепул сут олиш имкониятига эга бўлади.
Хитой кетма-кет учинчи йил аҳоли сонининг камайишини қайд этмоқда. 2024 йилда никоҳлар сони рекорд даражада 20 фоизга камайган.
Экспертлар демографик инқирозни 1980-2015 йилларда амалда бўлган “бир бола” сиёсати оқибатлари, шунингдек, урбанизация ва болалар тарбиясига юқори харажатлар билан боғламоқда. 2021 йилда хитойлик оилаларга учтагача фарзанд кўришга рухсат берилди, аммо бу вазиятни ўзгартириш учун етарли бўлмади.
Парламентнинг март ойидаги йиғилишида Давлат кенгаши бош вазири Ли Сян янги болалар нафақалари ва бепул мактабгача таълим жорий этилишини эълон қилди. 16 март куни эълон қилинган иқтисодиётни рағбатлантириш режасида эса бутун мамлакат бўйлаб болали оилаларни қўллаб-қувватлаш тизимини жорий этиш зарурлиги таъкидланди.
Изоҳ (0)