Ўзбекистонда донорлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун кучга кирди.

28 февралда имзоланган қонун билан айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Хусусан, “Шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида”ги ҳамда “Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида”ги қонунларга тегишинча “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар учун бир йўла бериладиган пул мукофоти миқдори оширилишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Бунда мазкур кўкрак нишони билан тақдирланадиганлар БҲМнинг 15 баравари — 5 миллион 625 мин сўм миқдорида бир йўла бериладиган пул мукофотини олиши белгиланди. Илгари бу миқдор БҲМнинг 5 баравари эди — 1 миллион 875 минг сўм.
Шунингдек, уларга шаҳар йўловчилар транспортидан (бундан йўналишли ва йўналишсиз таксилар мустасно) бепул фойдаланиш, ўзлари учун қулай бўлган вақтда ҳар йилги меҳнат таътилига чиқиш ҳамда санаторий-курортларда даволаниш учун йўлланмаларни навбатсиз олиш ҳуқуқи берилмоқда.
Донорлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш

Донорлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси 21 январь куни Қонунчилик палатаси мажлисида учинчи ўқишда қабул қилинганди. Қонун Сенатнинг 2025 йил 21 февралдаги ялпи мажлисида муҳокама қилиниб, маъқулланган.
Аҳоли орасида беғараз донорлик ҳаракати ривожлантирилиши президентнинг 2022 йил августдаги “Республикада қон билан ишлаш хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш ва аҳоли орасида беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантириш чоралари тўғрисида”ги қарорида белгиланганди.
Ўзбекистонда донор қон плазмасидан дори воситаларини ишлаб чиқаришга ҳам рухсат берилган. Президентнинг “2022–2026 йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” фармони билан донор қонини тўплаш ва унинг асосида фармацевтика маҳсулотларини хусусий тартибда ишлаб чиқаришга тақиқ бекор қилинган.
Изоҳ (0)