Автотранспорт воситаларини ногиронлиги бўлган шахслар эҳтиёжларига мослаштириш харажатлари қоплаб берилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳукумат қарори билан “Автотранспорт воситаларини ногиронлиги бўлган шахслар эҳтиёжларига мослаштириш харажатларини қоплаш бўйича давлат хизматини кўрсатиш”нинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Регламентга кўра, автотранспорт воситаларини ногиронлиги бўлган шахслар эҳтиёжларига мослаштириш харажатларининг 50 фоизи, бироқ БҲМнинг 30 бараваригача бўлган қисми қоплаб берилади.
Бунда харажатлар 2024 йил 1 октябргача шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро автобусда йўловчи ташиш йўналишларини бириктириш бўйича тендерда ғолиб бўлиб, ушбу йўналишларда хизмат кўрсатган тадбиркорларнинг ҳар бир автобуси учун қопланади.
Шунингдек, 2024 йил 1 ноябрдан I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўз номига расмийлаштирилган ва шахсий фойдаланувида бўлган 1 та автотранспорт воситаси учун амалга оширилади. Автотранспорт воситаларини қуйидагилар билан жиҳозлаш уни ногиронлиги бўлган шахслар эҳтиёжларига мослаштириш деб эътироф этилади:
тадбиркорларнинг автобуслари учун:
- йиғма пандус (1 дона);
- аудио ва визуал ахборот берувчи монитор (1 дона);
- ахборот берувчи колонка (кўпи билан 3 та);
- маълумотларни узатувчи микрофон (1 дона);
- алоқа тугмаси;
- бекатлар ҳақида ахборот олиш имконини берувчи маълумотлар тахтаси билан жиҳозлаш (1 дона);
I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг шахсий автотранспорт воситалари учун:
- газ ва тормоз педалини қўл бошқарувига ўтказиш;
- механик узатиш қутисини автомат узатиш қутиси қилиб қайта жиҳозлаш харажатлари.
Ариза берувчилар автотранспорт воситаси талабларга мослаштирилган вақтдан эътиборан 90 кун ичида “Инсон” марказларига ёки “Ягона” миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизими ёки ЯИДXP (my.gov.uz) орқали мурожаат қилиши лозим.
Ўзбекистонда 1 июнь ҳолатига кўра, нафақа олувчилар сони 719 219 нафарга етди.
Келтирилган статистик маълумотларга кўра:
- 18 ёшгача бўлган ногиронлиги бор болалар нафақаси – 171 585 нафар (-242 нафар);
- Ногиронлик нафақаси – 316 941 нафар (+256 нафар);
- Парваришлаш нафақаси – 74 453 нафар (-365 нафар);
- Ёшга доир нафақа – 88 950 нафар (+840 нафар);
- Боқувчисини йўқотганлик нафақаси – 57 989 нафар (+375 нафар);
- Ёлғиз кекса ва ногирон шахсларга моддий ёрдам – 7 743 нафар (-25 нафар).
Изоҳ (0)