«Республикада қон билан ишлаш хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш ва аҳоли орасида беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантириш чоралари тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди, деб хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.
Ҳужжат билан республикада қон билан ишлаш хизмати муассасалари фаолияти такомиллаштирилади ва аҳоли орасида беғараз донорлик ҳаракати ривожлантирилади.
Президент қарорига кўра, 2023 йил 1 январдан бошлаб:
«Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга бирйўла бериладиган пул мукофоти суммаси БҲМнинг 5 бараваридан 15 бараваригача (1,5 миллион сўмдан 4,5 миллион сўмгача) оширилади.
«Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга қуйидаги ҳуқуқлар берилади:
- улар учун қулай бўлган вақтда йиллик асосий меҳнат таътилига чиқиш;
- шаҳар жамоат транспортининг барча турларидан (йўналишли ва йўналишсиз таксилардан ташқари) бепул фойдаланиш;
- давлат санаторий-курортларида даволаниш учун йўлланмаларни навбатсиз олиш.
Донорларни бепул овқат билан таъминлаш бўйича харажатларнинг қиймати республика бўйича бир хил — меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 3 фоизи миқдорида белгиланади.
Иммун донорларга ўтказилган иммунизация ва топширилган плазмаси учун ҳақ тўлаш миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг оширилиши даражаси доирасида мутаносиб равишда индексация қилиб борилади.
Шошилинч ҳолатларда донор қонининг таркибий қисмларини ташиш учун тез тиббий ёрдам хизматидан фойдаланишга рухсат берилади.
Шунингдек, ҳар ойнинг иккинчи ҳафтаси «Қон донорлиги ҳафталиги» деб эълон қилинди.
Изоҳ (0)