Япониялик тадқиқотчилар денгизда бир неча соат ичида эрийдиган ва тупроқда 10 кун ичида парчаланиб, уни озуқа моддалари билан бойитадиган инқилобий биологик пластмасса яратди. Бу ҳақда Тhе Times of India нашри хабар қилди.

Пластик чиқиндилар ва океаннинг ифлосланиши ўнлаб йиллар давомида атроф-муҳитга жиддий зарар етказган. Бу денгиз ҳаётига катта таҳдид солган энг долзарб муаммолардан бири бўлиб келмоқда.
Япониядаги RIKEN Emergent Matter Science маркази тадқиқотчилари яратган пластмасса анъанавий пластмассалардан фарқли ўлароқ, заҳарли эмас. У озиқ-овқат учун хавфсиз компонентлардан тайёрланган. Асосийси, парчаланиш пайтида карбонат ангидрид чиқармайди. Бу эса уни қадоқлашдан тортиб тиббий асбобларгача бўлган турли хил соҳаларда ишлатишга имкон беради. Бошқача қилиб айтганда, энди пластик заҳаридан инсон танаси азият чекмайди.

Янги пластмасса тури анъанавий пластмассалардан нимаси билан фарқ қилади?
Анъанавий пластмассалар океанлар ва бошқа экотизимларни ўз қолдиқлари билан тўлдириб, асрлар давомида шакли ва сифатини сақлаб туради. Бу эса ёввойи табиатга хавф туғдиради ва биосфера ифлосланишига сабаб бўлади. RIKEN жамоасининг янги биопарчаланувчи пластик маҳсулотлари эса бундан кескин фарқланади.
Ушбу пластмасса денгиз сувида бир неча соат ичида эрийди ва атроф-муҳитни узоқ муддат ифлослантириб турмайди. Тупроқда эса 10 кун ичида парчаланади. Сўнгра органик моддага айланиб, тупроқни муҳим озуқа моддалар билан бойитади. Ундаги углерод миқдорини тиклайди.
Парчаланиш жараёнида атроф-муҳит зарарланадими?
Биологик пластмассанинг муҳим афзаллиги шундаки, у парчаланганда карбонат ангидрид чиқармайди. Бу эса атмосферада углерод даражасининг ошишига ҳисса қўшади. Натижада иқлим ўзгариши янада тезлашади. Бундан ташқари, янги пластмасса турини осонгина қайта ишлаш мумкин.
Янги ихтиро ўзидан микропластмассалар ажратиб чиқармайди. Анъанавий пластмассалар парчаланганда майда заррачаларга бўлинади. Улар микропластик деб аталади. Океан ва тупроқдаги микропластиклар табиатга ва инсоннинг озиқ-овқат занжирига киради. Улар юзлаб йиллар давомида сақланиб, узоқ муддатли экологик хавфни туғдиради.
Бундан фарқли ўлароқ, янги биопарчаланувчи пластмасса зарарли чиқиндилар қолдирмасдан тўлиқ эриб кетади. Шу тариқа денгиз ва қуруқлик экотизмлари пластикдан азият чекмайди.
Изоҳ (0)