Ўрта Осиёнинг энг машҳур хонандаларидан бири Севара Назархон “Humo Arena” саройида навбатдаги яккахон уч кунлик концерт дастурини тақдим этяпти. “Руҳ” деб номланган жонли ижродаги кечада қандай янгиликлар бўлди? “Дарё” мухбири концертнинг илк кунидан репортаж тайёрлади.
Севара Назархон “Humo Arena” қоқ марказига ўрнатилган юмалоқ саҳнага мухлислари билан саломлашиб чиқиб келди. Ўзгача услубда, табиатга монанд қилиб безатилган саҳнада жонли оркестр хонанда билан бараварига ижод қилди.

— “Humo Arena” худди уйимдек бўлиб қолган. 2019 йилда ҳам тўрт кунлик концерт берганман. Унда саҳна четда эди, бу сафар 360 даражали саҳна қилдик. Чунки ўртадаги саҳна ҳаммага яқин бўлади, одамларнинг кўзини кўриб тураман. Чунки кўзда магнит бор. Мен сизларнинг кўзингизни қидирдим ва топдим. Барча ҳиссиётлар кўз орқали қалб, руҳга етиб боради. Шу сабабли ҳам концертимнинг номи “Руҳ”. Ичимизда бизга куч берадиган нарса бу руҳ. Оддий ва жуда ҳам маъноли ном, дейди хонанданинг ўзи.

Севара Назархон бошқа санъаткорлар каби ҳар бир блокдан сўнг, парда ортига ўтиб кетиб, узоқ вақт давомида бошқа образига тайёрланмади. У саҳнанинг ўзида биргина стилист ёрдамида бошқа либосда кўриниш берди. Бу жараён тез ва осонлик билан кечди.
— Менимча бу ҳаммага маъқул бўлди. Чунки саҳнадан кетиб, мухлисларни зериктириш керакмас. Бизда эса ҳаммаси оддий — тез-тез кийим алмаштирдим ва оддийгина аккессуарлардан фойдаландим, шу холос. Ортиқчаси менга халал беради, деди Назархон.

Концертнинг кулминацион нуқтаси Шоҳруҳ рэпер билан куйланган дуэт ҳамда “Улуғимсан, Ватаним” таронаси бўлди. Шу сингари “Мени сев”, “Кўргим келар”, “Юр, муҳаббат” қўшиқларини ҳам деярли мухлисларнинг ўзи куйлади. Хонанда ора-орада уларга жўр бўлиб турди, холос.

2019 йилда тақдим этилган концертда Севара Назархон марҳум ҳофиз Шерали Жўраев билан дуэт куйлаган эди. Хонанда бу йил “Овоз”, “Х-Фактор” лойиҳалари ғолиблари билан биргаликда куйлади. Хўш, бу таклиф кимдан чиққан?
— Мен ўзим уларни чақирдим, таклиф ҳам ўзимдан чиқди. “Ҳумо”даги концерт битта ғоя эди, бундан кейин ҳам яна янги идеялар тайёр турибди. Аста-секин тақдим этамиз.

Мен уларни шогирд деб билмайман, улар менга жуда яқин юрак! Мен ҳам улардан нимадир ўрганаман. Бугунги чиқишлар орамиздаги ўзаро тажриба, коллаборация бўлди. Югурмадик, шошмадик, уларга ҳаммасини кўрсатдим, бари гармонияга бой бўлди. Уларга 360 даражали саҳна осон эмас, аммо менга кичиклик қилди, дейди хонанда.

Назархон концерт давомида бир неча трюкларни амалга оширди, ноодатий қўшиқларига мослаб рақсга тушди. Европа стилида кийинган раққослар ҳамроҳлигида у саҳнада “учди”, мухлисларини ҳам ўзи билан парвоз эттирди. “Руҳ” концерти ҳақиқатан сокин, аммо энергияга бой бўлди.

— Ростини айтаман, рақсларни ўрганиш учун бир ҳафта тайёрландим. Мен синхрон рақсга “касалман”. Биламан, қайсидир ҳаракатлар у қадар ўхшамаган бўлса-да, чиқардик. Атрофимдаги йигит-қизлар мен учун икки ой ҳаракат қилди. Концертда барча нарса ҳаракат, режа ва меҳр билан бўлди. Меҳрга бой атмосферада ишладим, деди у.

Концерт шу даражада ўтишини кутганмидингиз деган саволга Назархон шундай жавоб берди:
— 50 ёшдан кейин кутиш сўзини ишламайман, мен ҳеч нимани кутмайман. Шундай бўлганига беҳисоб шукр.

“Мени сев” қўшиғи трио тарзида куйланди: Севара, “Овоз” лойиҳасидаги кичик Севара ва Назархоннинг жияни.

12 минг мухлисни сиғдира оладиган “Humo Arena” саройи Назархоннинг ҳақиқий мухлислари билан тўлди. Кўз ёшлар тўкилди, қалбдан чиққан қўшиқлар қалбларга етиб борди.
Концертдан репортажни тўлиқ ҳолда Daryo Lifestyle YouTube саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
Изоҳ (0)