Тошкент вилоятида “Тиғ” махсус профилактик тадбирлари ўтказилди. Бу ҳақда вилоят ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

Тадбир давомида кўча ва жамоат жойлари, шунингдек бошқа ҳудудларда ўткир тиғли ашёларни ноқонуний равишда олиб юрган 147 нафар шахс аниқланди.
Улардан умумий ҳисобда 149 дона ўткир тиғли ашё (совуқ қурол) аниқланиб, белгиланган тартибда расмийлаштирилиб олинди.

Аниқланган ашёлардан 137 таси пичоқ, 4 таси кастет 2 таси бита бўлса, қолган 6 таси бошқа кўринишдаги тиғли жисмларни ташкил қилган.
Ушбу тадбир натижасида содир бўлиши мумкин бўлган қатор ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олди олинди.
Маълумот учун, қонунга хилоф равишда совуқ қурол ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш БҲМнинг бир бараваридан беш бараваригача бўлган миқдорда жарима солинишига сабаб бўлиши мумкин.
2024 йилда содир этилган жиноятлар статистикаси
Ўзбекистонда 2024 йилда 132 298 та жиноят содир этилган. Содир этилган умумий жиноятларнинг 92,4 фоизи фош этилган. Қидирувдаги шахсларнинг 8 736 нафари ушланган ва бедарак йўқолганларнинг 567 нафари топилган.
Бундан ташқари, 3 880 нафар шахслар томонидан содир этилган 3 293 та коррупция ва иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар аниқланиб, улар оқибатида етказилган 239 млрд 584 млн сўм миқдоридаги зарар ундирилиши ҳамда одам савдоси жиноятини содир этган 219 нафар шахсга нисбатан қонуний чоралар кўрилиши таъминланган.
Жами жиноятлар сони мамлакат бўйича ҳар 100 минг аҳолига 199 тадан тўғри келган. Олди олиниши лозим бўлган жиноятлар сони ҳанузгача жиноятларнинг салмоқли қисмини ташкил этмоқда.
Айтилишича, олди олиниши мумкин бўлган жиноятчиликнинг асосий улушини ўғрилик ва фирибгарлик жиноятлари ташкил этиб, уларнинг 59,4 фоизи ёшлар ва 36,1 фоизи илгари судланганлар томонидан содир этилган. Бундан ташқари, жиноятларнинг 7 мингдан ортиғи ишсизлар томонидан содир этилгани, жойларда аҳолини иш билан таъминлаш масалалари ҳам самарали ҳал этилмаётганини айтиб ўтилди. Киберхавфсизлик йўналишида 58,8 мингта жиноят содир этилгани ва уларнинг 97,7 фоизи фуқароларнинг банк пластик карталаридаги пулларни қўлга киритиш билан боғлиқлиги танқид остига олди.
Изоҳ (0)