Қирғизистонга қалинлиги 20 микрометр ва ундан паст характеристикали полиэтилен пакетларни олиб кириш ярим йилга тақиқланиши мумкин. Иқтисодиёт ва савдо вазирлиги тегишли таклифни илгари сурди. Бу ҳақда “АКИпресс” хабар берди.

Вазирлик томонидан тегишли қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Қалинлиги 20 мкм ва ундан кам бўлган полиэтилен пакетлар ишлатилганда ултрабинафша нурлар ва механик таъсирлар остида деградацияга учрайди. Бу эса пластик микрозаррачалар шаклланишига олиб келади. Бу микрозаррачалар атроф-муҳитда тўпланади ва узоқ муддатли ифлосланишга сабаб бўлади. Улар тана тўқималарига ҳам кира олади, бу эса соғлиққа таъсир кўрсатади.
Қалинлиги 20 мкм ва ундан паст бўлган полиэтилен пакетларни қайта ишлаш 3-4 баравар кўп ресурс талаб қилади. Шунинг учун уларни йиғиш ва кейинчалик қайта ишлашда бошқа полиэтилен маҳсулотларидан фарқли ўлароқ муаммолар юзага келади. Шуларни ҳисобга олган ҳолда, тақиқни жорий этиш юкламани камайтиришга, аҳоли саломатлигини сақлашга ва экологик тоза муқобилларни ишлаб чиқишни рағбатлантиришга ёрдам беради.
Вазирликка кўра, пластик қадоқлаш ўрнини қоғоз, ёғоч, шиша, металл ва мато босиши мумкин. Аммо бу ўзгариш саноат соҳаларини янгича ишлашга мажбур қилади, улар бунга тайёрланиши керак.
Изоҳ (0)